Аҳолини банд қилиш мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва ижтимоий ривожланишининг асосий омили ҳисобланади. Бандлик фақат иш ўрни яратиш эмас, балки аҳолининг даромадини ошириш, ички бозорни фаоллаштириш ва истеъмол салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг иқтисодий жараёнларга жалб қилиниши ишлаб чиқариш ҳажми, солиқ тушумлари ва инвестицион жозибадорликни оширади. Демак, самарали бандлик сиёсати – бу фақат ижтимоий барқарорлик эмас, балки иқтисодий ўсишнинг ҳам таянчи ҳисобланади.
Хўш, 2025 йилнинг ўтган олти ойида мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар бажарилди? Бу жараёндаги натижа ва кўрсаткичлар қониқарлими?
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилган. Ушбу жараёнда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, банклар ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида кенг қамровли ишларни бажаришга эришган.
Аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқич
2025 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 3 миллион нафар аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди, бу белгиланган 2,6 миллионлик режадан 400 минг нафарга кўпдир. Банклар орқали 1 миллион 780 минг фуқаро иш билан таъминланиб (режа – 1 487 минг), шундан 661 минг нафари доимий иш ўрнига жойлаштирилди. 1 миллион 119 минг нафари эса тадбиркорликка жалб қилинди. Миллий банк 284 минг, Агробанк 230 минг, Халқ банки 204 минг, Саноатқурилишбанк 196 минг, Бизнесни ривожлантириш банки 132 минг, Микрокредитбанк 176 минг, Асакабанк 110 минг, Туронбанк 87 минг ва Алоқабанк 71 минг фуқарони даромадли фаолиятга жалб этишда иштирок этди.
Шу билан бирга, инновацион ёндашувлар асосида “Уйчи”, “Сайхунобод” ва “Зарбдор” тажрибалари жорий қилиниб, аҳолининг даромадини ошириш, микролойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги драйвер ташаббусларни ривожлантиришга хизмат қилди. Жумладан, “Уйчи” тажрибаси доирасида банклар 63 минг нафар мижоз билан учрашувлар ўтказди ва ушбу мулоқотлар давомида кўтарилган 61 мингдан ортиқ муаммоли масала ижобий ҳал этилди.
“Сайхунобод” модели орқали 227 мингта микролойиҳа натижасида 464 минг фуқаронинг даромади оширилди. “Зарбдор” тажрибаси доирасида эса 487 та лойиҳа ишга туширилиб, 19 минг киши банд қилинди. Бунинг учун 303 миллиард сўмлик бўнак маблағлари ажратилди. 20,7 минг нафарига 274 миллиард сўмлик кредитлар йўналтирилди. Шунингдек, 2,6 минг фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 36,5 минг киши касбга ўқитилди ва 9 минг нафарга ижара ер ажратилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Алишер Муродовнинг қайд этишича, Президентимиз томонидан мамлакатимизда юритилаётган бандлик сиёсати ва ислоҳотлар қисқа муддатда ўзининг амалий самарасини кўрсатмоқда.
– Юқорида қайд этилганидек, жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида 3 миллион нафар фуқарони даромадли меҳнатга жалб қилишга эришилди. Бу белгиланган 2,6 миллионлик режага нисбатан юқори кўрсаткич бўлиб, соҳадаги манзилли ва тизимли ёндашув самарасини кўрсатмоқда. Ушбу натижаларга эришишда банклар билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Хусусан, Миллий банк, Агробанк, Халқ банки, Саноатқурилишбанк ҳамда бошқа тижорат банклари орқали тадбиркорликка жалб этилди. Банклар орқали тақдим этилган лойиҳа пакетлари ва мақсадли кредитлар ёрдамида нафақат иш ўринлари, балки барқарор даромад манбалари ҳам яратилди.
Таъкидлаш жоиз, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, сўнгги 7-8 йилда ушбу масалаларга стратегик ва кенг қамровли ёндашув шаклланди. Илгари ижтимоий ҳаёт ва давлат дастурларида деярли тилга олинмаган камбағаллик масаласи, бугун тубдан янгича ва амалий ечимлар билан ҳал этилмоқда. Бу эса, аввало, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва инсон манфаатларини устуворликка чиқарган ислоҳотларининг амалий натижасидир. Маҳаллабай ёндашув, “уйма-уй” усули, манзилли бандликни ташкил этиш, аҳоли ташаббусларини рағбатлантириш каби механизмлар ҳаёт сифатига бевосита ижобий таъсир кўрсатмоқда, – деди А.Муродов.
Даромадли меҳнат – иқтисодий ўсиш гарови
Мазкур даврда 77 минг хонадонга 1,9 триллион сўмлик “лойиҳа пакетлари” тақдим этилиб, ҳар бир хонадон учун йилига 60-70 миллион сўмлик кафолатли даромад манбалари яратилди. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун жами 63,6 триллион сўм кредит ажратилди. Бунинг 12,4 триллион сўми турли дастурлар орқали йўналтирилди: 2,9 триллион сўм – оилавий тадбиркорлик дастурлари, 2,4 триллион сўм – “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, 2,5 триллион сўм – “Бизнесга биринчи қадам” ва 4,6 триллион сўм – “Маҳалла лойиҳаси” доирасида ажратилган.
Бундан ташқари, 163 минг фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди. Улар орасида 128 минг нафар хотин-қиз, 49 минг ёшлар, 5,4 минг нафар миграциядан қайтганлар ва 2,7 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар қамраб олинган. Меҳнат инспекцияси томонидан 5 596 та корхона хатловдан ўтказилиб, 43,6 минг иш ўрни расмийлаштирилди.
Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг даромад манбалари кенгаймоқда. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилишига ва иқтисодий фаолликнинг ошишига хизмат қилмоқда.
Камбағалликни қисқартиришда мақсадли ёндашув
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш йўналишида олиб борилаётган ишлар аҳолининг ҳаёт сифати, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Бу йўналишда маҳаллаларда аҳолининг даромад манбалари, эҳтиёжлари ва ҳаёт шароити аниқ таҳлил қилиниб, ҳар бир оила учун индивидуал ёндашув асосида чора-тадбирлар белгиланмоқда. “Маҳаллабай” ишлаш тизими ва “уйма-уй” таҳлиллар маҳаллий муаммоларни ўз жойида ҳал қилиш имконини бермоқда. Бу эса камбағалликни қисқартиришда юқори натижаларга эришишга замин яратмоқда.
1,3 миллионга яқин оиланинг турмуш шароити ўрганилиб, шундан 625 минг оила (2,6 млн. аҳоли) “камбағал оилалар реестри”га киритилди. Январь-июнь ойларида қарийб 333 мингта оилага индивидуал режалар асосида хизматлар кўрсатилиб, 543 минг фуқаро қамраб олинди. Улар орасида 295 минг киши ишга жойлаштирилди, 235 минги тадбиркорликка жалб этилди, 13 минг киши эса касб-ҳунарга ўқитилди. Барча ҳудудларда дастур кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишда янги ёндашув самара бермоқда. Индивидуал режалар асосида ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш ва касб-ҳунарга ўқитиш орқали фуқароларнинг даромад манбалари кенгаймоқда. Бу эса камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат сиёсатининг изчил амалга оширилаётганини тасдиқлайди.
Таҳлил натижалари: самарали бандлик сиёсати – фаровон ҳаёт сари қадам
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳолини даромадли меҳнатга жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган чоралар нафақат ижтимоий, балки иқтисодий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Бандлик соҳасидаги тизимли ёндашув, банклар, маҳаллий ҳокимликлар ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида аҳолининг турмуш даражаси сезиларли даражада яхшиланди.
Бугунги глобал шароитда барқарор бандликни таъминлаш нафақат ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, балки мамлакатнинг рақобатбардош иқтисодиётини шакллантиришда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, меҳнат бозорида самарали сиёсат юритилса, аҳолида ташаббус, масъулият ва ишонч кучаяди. Бу эса фуқароларнинг ўз ҳаётини тубдан ўзгартиришга бўлган интилишини рағбатлантириб, умумий миллий тараққиётга хизмат қилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бўлим бошлиғи Саиджон Ражабовнинг сўзларига кўра, аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш бугунги ислоҳотларимиз марказида турган устувор йўналишдир.
– Биз ҳар бир оиланинг ҳолатини алоҳида ўрганиб, уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал ечимлар таклиф қиляпмиз. Ҳозирги пайтда маҳаллада ишлаш, аниқ ва манзилли ёндашув орқали натижага эришишда аниқ самара кўринмоқда. Фуқароларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши фақат иш ўрни яратиш эмас, балки уларнинг ҳаётида янги имкониятлар эшигини очиш демакдир.
Бу жараёнда бизнинг асосий вазифамиз – одамларда ишонч уйғотиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳақиқий натижаларга эришиш. Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бу жараёнда давлат, жамоатчилик ва хусусий сектор ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Бандлик ва даромад манбалари кўпайган сари, оилаларда барқарорлик, жамиятда эса ижтимоий осойишталик мустаҳкамланади, – дея таъкидлади С.Ражабов.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА