Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг нашриёт масалалари бўйича директор ўринбосари Ҳабиб АБДИЕВ билан суҳбат.
– Сиз бош муҳаррирлик қилаётган Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Ўзбекистонда адабиёт ва санъат ривожи билан боғлиқ бой тарихга эга. Ушбу муассасанинг мақоми бир неча бор ўзгарган. Бир пайтлар бу ерда ҳар йили умумий адади 4 миллион нусхага яқин 200 дан ортиқ китоблар нашр этилган. Нашриёт авваллари бадиий адабиёт, санъатга оид адабиётларни нашр этишга ихтисослашган ва ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб этишда муҳим ўрин тутган. Нашриёт жамоаси бугун нима билан машғул?

– Айтганингиздек, нашриёт Ўзбекистонда адабиёт ва санъат ривожи билан боғлиқ бой тарихга эга. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт нашриёти 1966 йилда шоир ва ёзувчилар, санъатшунослар, маданият намояндаларининг асарларини марказлаштирилган ҳолда нашр этиш ва ижодий жараёнларга кўмаклашиш, уларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. 1970 йилдан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, кейинчалик Рангли босма фабрикаси билан бирлаштирилиб, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи номи берилган.

Бу даргоҳ ўзбек мумтоз адабиёти ҳамда санъатига оид асарлар, жаҳон адабиётининг ўзбек тилидаги нодир намуналарини Ўзбекистонда биринчи бўлиб нашр этган отахон нашриётлардан.
Ўз даврида жаҳон адабиётининг етук вакиллари Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Мирзо Турсунзода, Константин Симонов, Рима Казакова каби машҳур адиблар бу ерга бир неча бор ташриф буюриб, мустаҳкам ижодий ҳамкорлик олиб боришган.

Бу ерда ишлаган кўплаб ижодкорлар кейинчалик таниқли шоир, ёзувчи ҳамда давлат арбоблари сифатида юртга танилган. Бу борада ижодий уйни “кадрлар устахонаси” деб эътироф этиш ҳам мумкин.
Оқсоқол ёзувчиларимиз дунё юзини кўражак асарларининг ушбу маконини ўз вақтида “Адабиётимизнинг лабораторияси” дея таърифлашган. Ижодкорларимиз томонидан берилган бу эътироф нашриётни, бугунги тил билан айтганда, “бренд” даражасига олиб чиқди ва асарини чоп этмоқчи бўлган ҳар бир ёш ёзувчи-шоирнинг кўнглидаги орзуга айланди.
Бугунги кунда нашриёт ёш истеъдодларни излаб топиш, уларнинг сара ижод намуналарини китоб ҳолида нашр этишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан кенг ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳозирги шароит бошқа, энди бозор билан ҳисоблашиш, унинг кўнглига қараш лозим. Республикамизда фаолият олиб бораётган нашриётлар қатори Ғафур Ғулом НМИУ ҳам бозор талотўплари ичида ўз нуфузини – брендини йўқотиб қўйгани йўқ. Бозорга пул топиш илинжида боши билан шўнғиб ҳам кетмади, ундан четда ҳам эмас. Фақат олди-қочди китоблар билан нашриётнинг обрўсини сақлаб қолиш даргумон. Чунки маънавиятнинг баъзи ўлчамлари бозор қолипларига сиғмайди, ҳолбуки, босмахона пул чоп этадиган корхона эмас. Нашриёт жамоаси шу руҳиятдан келиб чиқиб, ҳозирда адабиёт ва санъатга оид китоблар билан бир қаторда дарсликлар, энциклопедик асарлар ҳам чоп этмоқда. Ношир учун сифат бирламчи бўлиши керак. Ҳозирги замон китобхони инжиқ. Унга маҳсулотингизни гўзал кўринишда тавсия этмасангиз – ютқазасиз. Мақтанса арзигулик китобларимиз бор. Олимлар билан ҳамкорликда 2 жилдлик Амир Темур энциклопедиясининг 1-жилдини нашрга тайёрладик. Усмон Азим (8 жилдли) ва Азим Суюн (6 жилд) каби эл ардоғидаги устоз шоирларимизнинг “Танланган асарлар”и китобхонлар қўлига етиб борди. Бундан ташқари, болалар учун янгича безакда Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, шунингдек, “Динозаврлар” ва “Коинот” ҳақида тахланувчи варақли китоблар чоп этилди. Бу эса ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, ижодкорлик қобилиятларини рағбатлантириш билан бир қаторда маънавий бойликларнинг қадрига етадиган, улардан унумли фойдаланадиган қилиб тарбиялаш учун ҳам хизмат қилади. Севимли ёзувчимиз Тоғай Муроднинг бир гапи бор: “Китоб ёки журнални Интернет саҳифаларидан ҳам ўқиса бўлади. Аммо Интернетда китобга хос ҳид йўқ, саҳифаларни варақлашдек ҳузур йўқ. Энг асосийси, уни ёстиғинг тагига қўйиб бўлмайди”.

– Ношир ва ёзувчи сифатида Ўзбекистон китоб бозорининг бугунги аҳволи ҳақида қандай фикрдасиз? Замонавий муаллифларни қандай мавзулар қизиқтираяпти? Бугунги ўқувчи қайси жанрни афзал кўради?
– Буюклардан бири шундай деган экан: “Агар карвоннинг биринчи туясига китоб ортилган бўлса, мен охирги туянинг арқонини таҳоратсиз ушламайман!” Қаранг, боболаримиз шу даражада китобни эъзозлаган, уни муқаддас билган. Инсоннинг руҳий-маънавий камолотини таъминлашда китобчалик кучли қудратга эга восита йўқ. Афсуски, ҳозирда маълум маънода шаклланган ўзига хос бадиий дидга эга ўқувчилар билан бир қаторда енгил-елпи китобларга ўч катта аудитория ҳам шаклланиб бормоқда. Бозорнинг ўз талаблари бор, у табиийки майда мавзу, турмушнинг икир-чикирлари акс этган “сариқ” китобларга харидор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам меъёр сақланади. Нима бўлганда ҳам, ўз фаолиятимизни олдимизда ниҳоятда зукко ва зийрак китобхон турганини назарда тутган ҳолда амалга оширамиз. Нашриёт режалари эса арзигулик китоблар руҳиятидан келиб чиқиб тузилади. Яқинда Ш.Бўтаевнинг янги романи – “Еттинчи тонг” асарини чоп этдик. Ўзига хос асар. Қолаверса, янги таржималар: Ф.Кафка, “Қўрғон”; Ричард Адамс, “Тепалик аҳли” ва бошқа бир қанча китоблар катта ададда нашр этилиб, тезда сотилиб кетди. Бозорда, асосан, насрий асарларга бўлган талаб кундан-кун ортиб бормоқда. Майли-да дейман, ёшларимиз шеър бўлмаса ҳам, ҳикоя ва романлар мутолаа қилаяпти-ку... Ўйлайманки, бу насрий асарлар уларни шеъриятга қайтаради, улар ўз туйғуларини соғиниб қолади... Бу таскин эмас. Яна бир гап. Бир китобни қайта-қайта нашр этавериш ҳам нашриётнинг савиясини ўлдиради, шу боис биз, асосан, оргинал ва янги асарларни чоп этишга эътибор қаратдик. Бу ўзимизга ҳам завқ бағишлайди. Қайсидир чоп этган яхши, янги бир китобимиз бозордан ўз ўрнини топса, бу бизнинг ютуғимиздир.
– Нашр қилиш учун китобларни қандай танлайсиз? Китоб яхши бўлса-да, уни нашр эта олмаган вақтлар бўлганми? Ўқувчиларнинг эҳтиёжларини қандай аниқлайсиз?
– Нашриёт яшаш учун истаймизми-йўқми, бозор билан муроса қилишга мажбур. Шундай экан, албатта, харидор талаби ўрганилади. Маркетинг билан ҳамкорликда нашр режаси тузилади ва нашриёт томонидан тайёрланган назорат нусхалар сотувчиларга тавсия қилинади. Харидор топилса, яъни маркетинг бўлими шу китобни сотишга кўзи етса, катта ададда чоп этишга рухсат берилади, йўқса...
XV аср охири ва XVI аср бошларида Темурийлар таназзулидан сўнг Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларини бирлаштириб, ўзбек давлатчилигини янги босқичга олиб чиққан Шоҳбахтхон Муҳаммад Шайбонийхоннинг янги девони таҳририятга келиб тушди. Афсуски, маркетинг билан унинг савдоси борасида фикримиз бир жойдан чиқмагани боис китоб нашр этилмай қолди. Тўғри, бундай китоблар хос давралар ва тадқиқотчилар учун мўлжалланган бўлиши мумкин. Агар биз чўнтакни ўйлаб бундай ноёб китобларни чоп этишдан юз ўгирсак, бозор кераксиз қоғозлар билан тўлиб-тошаверади. Фақат олди-қочди китобларга ружу қўйган нашриётлар истиқболини тасаввур қилиш қийин.
– Замонавий адабиётда китобнинг сифати ва тижорат истиқболлари ҳақида нима дейсиз?
– Китоб сифати деган иборани биз бугун ишлатаяпмиз, аслида бадиий жиҳатдан бўш китобларни чоп этишнинг ўзи қадриятларга асослаган ҳар қандай мезон ва ўлчовларни оёғости қилиш демакдир. Агар сиз китобнинг матбаа сифати ҳақида сўраётган бўлсангиз, бу борада нашриётлар анча олдинлаб кетган, улар халқаро стандартларга жавоб берадиган, бежирим китоблар чоп этишга улгуришди. Моҳият эса оқсаётгани, гуруллаб кетмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Китоб мазмунан сифатли чиқишида муҳаррир, мусаҳҳиҳ ва рассомларнинг алоҳида ўрни бор. Таниқли шоир ва ёзувчилар ҳам профессионал муҳаррир ва мусаҳҳиҳларга ўзларида эҳтиёж сезади. Таниқли устоз шоир ва ёзувчиларимиз нашриётга: “Менга энг яхши муҳаррирни кўрсат”, деб келарди. Бугун-чи?.. Бугун ноширлик соҳасида ана шундай мутахассислар камайиб кетди. Корхонада иш ҳажми пасайса, яхши муҳаррирга биз кўчани кўрсатиб қўямиз, иш ҳажми кўпайса, уларни излаб қоламиз. Бугун бу масала, яъни мутахассислар масаласи қай даражада муҳим аҳамиятга эга эканини муҳаррирсиз ва мусаҳҳиҳсиз фаолият юритаётган нашриётлар, айниқса, хусусий нашриётлар чиқараётган “китоблар” мисолида кўриш мумкин.
– Китобхонларга қандай китобларни ўқишни тавсия қиласиз? Китоблари кенг муҳокамаларга сабаб бўлган муаллифлар борми?
– Карл Мария фон Вибер “Икки бора ўқишга арзимайдиган китоб, уни бир марта ҳам ўқишга арзимайди” деган экан. Сиз ўқиган китобингизни яна қайта қўлга олдингизми, демак, у яхши китоб. Фарзандларимиз қандай китобларни ўқишлари керак? Бозор муносабатлари шароитида бадиий қадриятларга нисбатан эътибор сусайди ва бозорбоп бадиий асарлар юзага келди. Шу ўринда Чингиз Айтматовнинг бу борадаги фикрини келтириб ўтмоқчиман: “Ўз меҳнатинг билан ўзингни таъминлай олмасанг, замон акуласига ем бўласан. Шу боис китоб дўконларини, пештахталарни, бозорларни ярамас олди-қочди асарлар эгаллаб ётибди. Зўравонлик, қотиллик, талончилик руҳи билан суғорилган бу асарлар, аслида жиноятчиликни такомиллаштириш бўйича ўзига хос қўлланма вазифасини бажаряпти”. Ғафур Ғулом номидаги НМИУ ўқувчиларга яхши китобларни саралаб ўқишлари учун тавсия сифатида “Барча даврларда севимли китоб” рукни остида юзга яқин асарлар чоп этди. С.Саййиднинг “Ярим аср девони” ўқувчилар томонидан яхши кутиб олинди. Китобга шоирнинг 1974 йилги илк ҳаваскорона битикларидан тортиб, соф лирик туйғулар ифодаланган шеърларигача, она халқимизнинг оғир, синовли кунларда чеккан заҳмату меҳнатларига, андуҳ ва изтиробларига ҳамдард бўлиб ёзилган ўтли назм намуналаридан янги замон руҳи кенг кўламда ўз ифодасини топган манзумаларигача – сара асарлари жамланган.
– Нашриёт ўзи чоп этаётган китобларни реклама қиладими? Таниқли бўлмаган муаллифнинг китоби реклама ёрдамисиз бестселлер бўлиш имкониятига эгами?
– Ҳозирги вақтда нашр этилган ҳар бир янги китобни реклама қилиш керак деб ўйлайман. Шунда ўқувчида излаётган китобини осонлик билан топиб ўқиш имконияти бўлади. Китоб ҳақидаги маълумотни ўқувчига фақат реклама эмас, бошқа турли хил йўллар билан, айтайлик, тақриз, кичик лавҳалар, адабиётшунос олимлар иштирокидаги давра суҳбатлари орқали ҳам етказиш мумкин. Нашриётнинг ижтимоий тармоқларда Telegramm, Istagramm, Fасеbook, YоuTube каналлари мавжуд. Улар орқали чоп этилган янги китоблар реклама қилиб борилади. Бундан ташқари, телевидениеда муаллиф ва таржимонлар иштирокида кўрсатувлар тайёрланади, тақдимотлар уюштирилади.
– Агар сизда ҳозирги китоб бозорида бирор нарсани ўзгартириш имкони бўлганида, биринчи навбатда нимани ўзгартирган бўлардингиз?
– Агар ўзгартириш имкони бўлганида, аввало, китоб расталарини кўпайтирган, уларни ўзбек адабиётининг энг нодир намуналари, турли тилдан таржима қилинган ҳар хил соҳага оид адабиётлар билан тўлдирган бўлар эдим. Чунки республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳали ҳам китоб савдоси йўлга қўйилмаган жойлар бисёр. Бунинг асосий омиллари китобларнинг кам ададда чоп этилаётгани, борлари ҳам шаҳар дўконларида қолиб кетаётгани ҳамда китоб чоп этиш ва унинг савдоси учун имтиёзларнинг йўқлигида. Ушбулар сабаб бугун бозорларда китоб расталари ва уларда ўрин олган китоблар кам сонни ташкил этади.
Шу ўринда таъкидлашим керак, яқинда Қозоғистон парламентида маҳаллий нашриётлар томонидан чоп этилган китоблар ва уларни чоп этиш бўйича хизматларни қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид ташаббус бир овоздан қўллаб-қувватланган эди. Кўплаб давлатларда китоблар нафақат солиқлардан озод этилади, балки қўллаб-қувватланади ва ҳатто субсидия ҳам берилади. Бундай ташаббус ва ислоҳотлар биз учун ҳам керак. Болалар адабиётини ривожлантириш, шарқона қадриятларимизни ўзида мужассам этган миллий контентни шакллантириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўсиб келаётган ёш авлодни йўлдан оздирувчи турли онлайн ўйинлар ва ахборотлар кенг қулоч ёзган бир вақтда мазкур йўналишда давлат томонидан субсидиялар ажратиш, муаллифларни рағбатлантириш, грантлар билан қўллаб-қувватлаш, китоб савдосини солиқдан озод қилиш каби ташаббусларни амалиётга жорий этиш ниҳоятда муҳим.
Бозор иқтисодиёти инсонда мулкдорлик туйғусини таркиб топтириши яхши, бироқ бу жараён маънавиятдан озиқланиши, маънавиятга эҳтиёж сезиши, маънавийлик билан суғорилиши лозим.
Лира Шафиқ суҳбатлашди.
Рустам Назартматов (сурат),ЎзА