Бугун, 10 июль куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фаробий кўчасидан ўтган иссиқлик таъминоти қувури кучли босим остида ёрилиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Аниқланишича, ушбу ҳолат режавий тадбир асосида ўтказилган коммунал тармоқдаги иссиқ сув тармоғини босим остида текшириш жараёнида юзага келган. Ҳозирда иссиқлик сув қувуридаги ушбу ҳодиса коммунал-техник авария-тиклаш бригадаси куч ва воситалари билан бартараф этилиб, носозлик оқибатларини тугатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ССБ ва коммунал соҳа ташкилотлари масъуллари ҳамда куч ва воситалари жалб қилинган.

Ҳодиса оқибатида 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олган ва уларга воқеа жойида тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Уларни шифохонага олиб боришга эҳтиёж бўлмагани сабабли, ўз уйларига рухсат берилган.
Veolia Energy мазкур ҳодисага расмий муносабат билдирди.
«2025–2026 йиллар иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида белгиланган жадвалга мувофиқ, 2025 йил 10 июль куни соат 10:40 да ТC-10 қозонхонаси ҳудудида, М 0-16 ва М 0-17 иссиқлик камераси оралиғида, Олмазор туманидаги Фаробий ва Шифокорлар кўчалари кесишмасида жойлашган иссиқлик тармоғи участкасида 16 ати босимдаги (атмосфера) механик мустаҳкамлик синовлари ўтказилди. Синовлар давомида 12,6 ати босимда диаметри 800 мм бўлган трубада сув чиқиши кузатилди. Ушбу иссиқлик тармоғи участкаси 1989 йилда эксплуатацияга топширилган», — дейилади хабарда.
Хабарда таъкидланишича, яқин атрофдаги дўконларга моддий зарар етган — умумий майдони 8 м² бўлган ойна витриналари синган. Етказилган зарар қопланади. Авария юз берган участка тезкорлик билан локаллаштирилди ҳамда истеъмолчиларни иссиқ сув билан таъминлаш тўхтатилмади.
Ирода Жўраева,
ЎзА