Шу кунларда Францияда бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ЮНЕСКО ташкилоти бош офисида ташкилотнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 47-сессиясида иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистондаги нодир умумбашарий объектларни сақлаб қолиш борасида эришилган ютуқлар эътироф этилди. “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” Бутунжаҳон мероси объекти бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилди. Қайд этилишича, яқин кунларда Бутунжаҳон маданий мероси қўмитаси томонидан “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” ва “Ғарбий Тяньшань” Бутунжаҳон мероси объектларига оид ҳужжатлар эълон қилиниши кутилмоқда.

Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 47-сессияси доирасида А. Бобоев мазкур қўмита раҳбари Лазар Элунду Ассомо билан учрашув ўтказди.
Учрашувда маданий мерос обидаларининг барқарорлигини таъминлаш ва асраб-авайлашда тажриба алмашиш ва илғор жаҳон амалиётини татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.

Адиз Бобоев Самарқанднинг бетакрор маданий меросини муҳофаза қилиш ва унинг тарихий марказини янада кўркамлаштириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди. Тарихий ёдгорликлар атрофини ободонлаштириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасидаги ҳамкорликни янада яхшилаш бўйича келишувларга эришилди. Адиз Бобоев Париж шаҳар мэри ўринбосари Арно Нгатча билан учрашувда Самарқанд ва Париж ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Адиз Бобоев маҳаллий бошқарувда номарказлаштириш, самарали бошқарувни амалга ошириш, шаҳарни чиқиндилардан тозалаш жараёнларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан таклифларини берди.
Ғ. Ҳасанов,
ЎзА мухбири