Aйни кунларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Хитойда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 22-йиғилишида иштирок этмоқда.
Маданият вазири Хитойда истиқомат қилиб, таълим олаётган, турли соҳаларда меҳнат қилиб, иш фаолиятини олиб бораётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган 100 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди.

Учрашувда шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Aбдулазиз Мўминов ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Aрзиевлар иштирок этди.

Вазир О.Назарбеков билан учрашув давомида Хитой олий таълим муассасаларида билим олаётган ёшлар томонидан мамлакатимиз маданияти ва урф-одатлари, шунингдек, миллий анъаналаримиз, гастрономик салоҳиятимиз ҳамда тарихимизни хитойлик маҳаллий аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш таклифи билдирилди.

Тадбир якунида ватандошларимиз учун концерт дастури намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири