Бугун, 10 июль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг сўнгги кунида -86 килограмм оғирликда терма жамоамиз аъзоси Нигора Сувонова ўз омадини синовдан ўтказади.
Кеча чемпионатнинг ортда қолган олтинчи кунги беллашувлар сарҳисобига кўра, терма жамоамиз аъзолари 16 та медалга сазовор бўлди.

Маҳоратли спортчиларимиздан Қудратбек Салимжонов даст кўтаришда 169 кг., силтаб кўтаришда 191 кг., икки кураш натижасига кўра 360 кг. тошни ўзига бўйсундирган ҳолда 3 та олтин медални қўлга киритди.

Айтиш лозим, Қ.Солимжонов жорий йил Перуда ўтган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида даст кўтариш машқида 167 кг. натижа билан бронза медални қўлга киритганди. Осиё чемпионатида эса у ўз натижасини яхшилаб, жаҳон майдонидаги тажрибасини яна бир бор исботлади.
Спортчиларимиздан Омадулла Олимов +110 килограмм оғирликда икки кураш натижасига кўра, 351 килограмм натижа билан кумуш медалга эга чиқди. Шунингдек, ўз вазнларида истеъдодли оғир атлетикачиларимиз Ҳасанбой Холмуродов, Моҳинур Эсонбоева ва Мадина Файзуллаева бронза медаллари соҳиби бўлди.

Чемпионатнинг охирги кун остонасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг медаллари сони 30 тага етган бўлса, ёшлар терма жамоамиз 24 та медаль жамғаришга муваффақ бўлиб турибди.
Т.Рўзиев, ЎзА