Тошкент вилоятида ёзги таътилда ёшларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича “Долзарб 90 кун” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Жумладан, Бекобод туманида туман ҳокимлиги ташаббуси билан ижодкор зиёлилар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев, таниқли шоир Муҳаммад Исмоил ҳамда ҳудуд фаоллари, умумтаълим мактаблари она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчилари, ижодга ошно ёшлар иштирок этди.
Туман ҳокими З.Низомиддинов давлатимиз ташаббуси билан бошланган “Долзарб 90 кун” доирасида ёзги таътилни ёшлар учун мазмунли ва фойдали ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, бу жараёнда адабиёт ва ижод вакилларининг ўрни катта бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
[gallery-24243]
Тадбирда сўзга чиққанлар ижодкорлар томонидан яратилаётган ҳар бир асар ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутишини ва бу келажак бунёдкорларига илҳом бағишлашини самимий дил сўзлари билан ифода этдилар. Сенатор Абдусаид Кўчимов китобнинг инсон руҳий олами, маънавиятида тутадиган ўрни, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан китоб ва китобхонликни ривожлантириш бўйича олиб бораётган сиёсат, бу сиёсат ортидан турган улкан мақсадлар, мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйган ислоҳотлар жойларда қандай намоён бўлаётгани, қолаверса, Бекобод туманидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини баён қилди. Ўз ўрнида бекободлик фаоллар, ёшлар сенатор билан қизғин мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.
Шунингдек, тадбирда Абдусаид Кўчимовнинг янги китоби, ундан ўрин олган асарлар, мавзулар ва уларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Мазкур китоб бекободлик адабиёт ихлосмандларига манзур бўлмоқда. Бундай китоблар мактабларимиз кутубхоналаридан албатта жой олмоғи лозим. Ўқитувчи, устозлар ҳам ушбу китобдан ўзларига керакли кўп нарсаларни олишлари мумкин, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бекобод тумани бўлими раҳбари Нурали Жалил.
Тадбирда фаол иштирок этган ёшларга ижодкорларнинг дастхатлари туширилган китоблар топширилди. Шу билан бирга, “Ҳар бир мактабга 100 китоб” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги умумтаълим муассасаларига жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналари акс этган турли китоблар жамланмаси ҳам топширилди.
Шундан сўнг истеъдодли хонандалар Шуҳрат Дарё ва Ғанишер Мелиқуловлар ўз қўшиқлари билан барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Муҳими, бекободликлар учун бу учрашув эсда қоладиган таассуротларга бой бўлди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.