Маълумки, макроиқтисодий барқарорлик мамлакат равнақи ва узоқ муддатли тараққиёти учун асосий омил ҳисобланади. Инфляциянинг назоратда бўлиши, бюджет ва ташқи савдо мувозанати, миллий валютанинг барқарорлиги ҳамда иқтисодий сиёсатнинг прогнозланувчанлиги инвестиция муҳитини яхшилайди, тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантиради ва аҳоли фаровонлигини оширади.

Шу сабабли, макроиқтисодий барқарорлик иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминловчи, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамловчи ва мамлакатнинг ташқи хавф-хатарларга нисбатан дахлсизлигини оширувчи асосий таянч ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб айтганда, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш динамикаси сақланиб қолди. Жаҳон бозоридаги беқарорлик, геосиёсий зиддиятлар ва ташқи талабдаги ўзгаришларга қарамасдан, мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, саноат ва хизматлар соҳасида ўсиш суръатларини сақлаш, ички талабни рағбатлантириш ва молиявий фаолликни кенгайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. 

Ҳисобот даврида саноат, хизматлар, экспорт ва кредит қўйилмалари каби асосий кўрсаткичларда ўсиш қайд этилгани иқтисодиётдаги ижобий тенденцияларни яққол тасдиқламоқда. 

Саноат секторида барқарор динамика

Жорий йилнинг январь-май ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 375 триллион сўмни ташкил этди. Бу 6,4 фоизлик ўсишга тенг бўлиб, бунда металлургия, тўқимачилик, озиқ-овқат, автомобилсозлик ва резина-пластмасса маҳсулотлари каби тармоқлар ҳиссасига тўғри келди. 

Хусусан, металлургия соҳаси 3,6 фоизга ўсиб, умумий саноат ўсишининг 18,3 фоизини таъминлади. Тўқимачилик соҳасида 8,3 фоизлик ўсиш қайд этилди, бу тармоқнинг ҳиссаси 14,2 фоизни ташкил қилди. Озиқ-овқат саноатида ўсиш 12,1 фоизни ташкил этди ва умумий ўсишдаги улуши 16 фоизга тенг бўлди. Автомобилсозлик соҳаси 7,7 фоизга ўсиб, 6,5 фоизлик ҳисса билан иштирок этди. Резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш 26,8 фоизга ошди ва 6 фоизлик ҳисса қўшди.

Иқтисодий фаолликни таъминлашда ҳудудлар алоҳида ўрин тутди. Фаолият юритмаётган 4,5 мингта саноат корхонаси қайта ишга туширилиб, 112 миллиард сўмлик қувват яратилди. Шу билан бирга, Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми 1,3 баробарга кўпайиб, 82,7 триллион сўмга етди. Бу саноатдаги талаб-таклиф мувозанати яхшиланганидан далолат беради. 

Хизматлар сектори: ички ва ташқи фаоллик ўсмоқда

Жорий йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда бозор хизматлари ҳажми 373,5 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизлик ўсишни ташкил этди.

Айниқса, айрим йўналишларда юқори фаоллик қайд этилди. Жумладан, ахборот ва алоқа хизматлари 23,5 фоизга, молиявий хизматлар 19,1 фоизга, транспорт 14 фоизга, савдо 10,2 фоизга, яшаш ва овқатланиш 7,7 фоизга, соғлиқни сақлаш 10,4 фоизга, таълим хизматлари эса 8,9 фоизга ўсди.

Хизматлар экспорти ҳам ортиб борди. Ҳисобот даврида экспорт ҳажми 3,2 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга кўпайди. Туризм хизматлари 1,4 баробарга ошди ва 1,6 миллиард долларни ташкил этди. Мамлакатга 4,2 миллион нафар турист келган бўлиб, ҳар бир туристга тўғри келадиган хизматлар ҳажми 1,5 баробарга ошгани кузатилди.

IT хизматлари экспорти 1,3 баробарга ўсиб, 279 миллион долларга етди. Транспорт хизматлари 23,1 фоизга ошди ва 1,1 миллиард долларни ташкил этди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар 25,9 фоизга ўсиб, 246,4 триллион сўмни ташкил этди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Абдумалик Жалиловнинг таъкидлашича, хизматлар секторидаги ўсиш мамлакат иқтисодий моделининг диверсификацияланаётганидан далолат беради. 

– Аҳоли даромадларининг ўсиши, IT ва туризм сингари замонавий хизмат турларига бўлган талабнинг кенгайиши ушбу соҳаларда юқори фаолликни таъминламоқда. Энг муҳими, давлат томонидан хизматлар бозорида қўллаб-қувватловчи сиёсатлар амалга оширилаётир, – деди таҳлилчи.

Молиявий кўрсаткичлар ва истеъмолни рағбатлантириш

Молиявий кўрсаткичлар, яъни кредит қўйилмалари, халқаро пул ўтказмалари ва хизматлар учун тўловлар мамлакатда иқтисодий фаолликни юксалтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кредитлар ҳажмининг ўсиши аҳоли ва бизнес субъектларига инвестиция қилиш имкониятини оширади, ички бозорда талабни рағбатлантиради. Халқаро пул ўтказмалари эса, айниқса, аҳоли истеъмол салоҳиятини кучайтиради. 

Таҳлилчи Абдумалик Жалилов қайд этганидек, бу каби омиллар хизматлар ва товарларга бўлган талабни кенгайтириб, иқтисодиётда умумий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шу жиҳатдан молиявий кўрсаткичлар макроиқтисодий барқарорликнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. 

– Макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда тижорат банклари орқали аҳоли ва бизнесга ажратилаётган кредитлар, шунингдек, ташқи молиявий ресурсларнинг фаол жалб этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу сиёсат ички бозорда фаолликни сақлаш ва ЯИМ ўсиш суръатларини барқарор ушлаб туришга хизмат қилмоқда, – деди у.

Шундай қилиб, 1 июль ҳолатига иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 618,5 триллион сўмга етди. Бу 18,1 фоиз ўсиш демакдир. Шу билан бирга, халқаро пул ўтказмалари 26,3 фоизга ўсиб, 8,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу омиллар ички истеъмол ва инвестиция талабини қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи ўрин тутди. 

ЯИМ ўсиши кутилмоқда

Иқтисодий ўсиш ЯИМнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб, мамлакатдаги ишлаб чиқариш ҳажми, хизматлар сони ва аҳоли фаровонлигининг ўсишини таъминлайди. ЯИМда юқори ўсиш суръатлари ислоҳотлар самарадорлигини, инвестиция муҳитининг яхшиланганини ва барқарор иқтисодий ривожланишни англатади.

Демак, юқоридаги иқтисодий кўрсаткичлар ва тезкор маълумотларга асосланган ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 6,7-6,8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини яна бир бор тасдиқлайди.

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ислоҳотлар самараси: 2025 йил биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш қайд этилди