Жаҳон бозорида адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг иқтисодий барқарорлиги ва жамият фаровонлигининг асосий таянчи саналади. Бу масала нафақат миллий даражада, балки халқаро миқёсда ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Савдо ва тараққиёт бўйича Конференцияси (UNCTAD) ташаббуси билан БМТнинг чекловчи бизнес амалиётларини назорат қилиш бўйича кўп томонлама келишилган тенг ҳуқуқли тамойиллар ва қоидалар тўпламининг барча жиҳатларини кўриб чиқишга бағишланган 9-Йиллик конференцияси ўтказилди.

Ушбу халқаро конференцияда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Тадбирга UNCTAD'нинг Рақобат ва истеъмолчилик сиёсати департаменти директори Тереза Морейра раҳбарлик қилмоқда.
Конференцияда рақобатнинг иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдаги аҳамияти, рақобат органларининг технологик ўзгаришларга мослашуви, глобал чақириқлар шароитида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари каби мавзулар кун тартибига қўйилган.

Дастлабки кунги учрашувларда Қўмита делегацияси бир нечта тадбирларда иштирок этди. Электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ва ҳисобот сессияси, БМТ томонидан ишлаб чиқилган рақобатга қарши амалиётларни назорат қилиш тамойилларини имплементация қилиш бўйича сессиялари шулар жумласидан.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур халқаро конференциядаги иштироки мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамли бозорлар ва платформаларни тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби тадбирлар миллий иқтисодиётни шаффоф ва рақобатбардош қилиш, истеъмолчилар манфаатларини тўлиқ таъминлаш йўлида амалий қадамлар ташлашга хизмат қилади. Қисқа қилиб айтганда, халқаро конференция натижалари ҳар бир иштирокчи давлат учун янги ёндашувлар, самарали ечимлар ва келажакдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА