Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ер усти ҳалқа йўлида жойлашган метро бекатларининг вақтинча ёпилиши билан боғлиқ турли муҳокамалар ва саволлар пайдо бўлди. Айрим фойдаланувчилар ушбу ҳолатни метрополитен йўналишларининг сифатсиз қурилгани билан боғлашга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, "Қўйлиқ" бекати ҳам ёпилгани ҳақидаги хабарлар фуқаролар орасида турли тахминлар билдирилишига сабаб бўлди.
Аслида эса Тошкент метрополитени маъмурияти бу ҳолат юзасидан аввалроқ расмий баёнот бериб, барча ишлар режали профилактик тадбирлар доирасида амалга оширилаётганини маълум қилган эди.
Расмий баёнот: Нима бўляпти?
"Тошкент метрополитени" ДУК матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаевнинг маълум қилишича, ер усти ҳалқа йўлининг “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида жойлашган 14 та бекат бир неча йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Жаҳон тажрибасига мувофиқ, янги қурилган метро йўналишларида муайян муддат эксплуатация қилинганидан сўнг, хавфсизликни таъминлаш ва хизмат сифатига баҳо бериш мақсадида профилактик ишлар амалга оширилиши керак.
Шу муносабат билан 2025 йилнинг 8 июнь санасидан бошлаб "Турон–Қипчоқ" (13–14-бекатлар) бекатлари оралиғида, 28 июнь санасидан эса "Қурувчилар–Янгиобод" (6–12-бекатлар) бекатлари оралиғида метро поездлари ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Ноқулайликларнинг олдини олиш учун метробуслар ташкил этилди
Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида ушбу вақт мобайнида “Қипчоқ–Янгиобод–Қипчоқ” бекатлари йўналиши бўйлаб бепул ҳаракатланадиган катта сиғимли метробуслар ташкил этилди. 1М рақамли автобуслар ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача қатнайди ва асосий метро бекатларини қамраб олади.
Сифатсиз қурилиш эмас, балки режали техник кўрик
Тўйчи Мирзаевнинг таъкидлашича, бу ишларнинг бузиб қайтадан қуришга мутлақо алоқаси йўқ. Бу ишлардан мақсад метро линияларини техник жиҳатдан тўлиқ текшириш, кичик камчиликларни бартараф этиш ва халқаро стандартларга мувофиқ профилактик хизмат кўрсатишдан иборат.
—Текширув жараёнлари халқаро эксплуатация стандартларига мувофиқ равишда амалга ошириладиган иш. Қаерда камчилик бўлиши мумкинлиги тўлиқ таҳлил қилиниб, ўз вақтида бартараф этилади. Бу профилактика иши хавфсизлик ва сифат талабларини таъминлаш учун зарур, — дейди матбуот котиби.
Ҳозирги вақтда поездлар ҳаракати "Технопарк–Янгиобод" бекатлари оралиғида ташкил этилмоқда ва Янгиобод бекатидан Қипчоқ бекатигача 1М йўналишли метроавтобуслар ҳаракати йўлга қўйилган.
Тошкент метрополитенида амалга оширилаётган ишлар йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида қилинаётганини эслатиб ўтамиз. Метро йўналишларининг вақтинча ёпилиши ҳақидаги барча маълумотлар расмий каналларда эълон қилинган бўлиб, йўловчилар олдиндан огоҳлантирилган.
Шу каби профилактик ишлар эса бугунги ва келажакдаги хавфсиз ва қулай қатнов учун муҳим бўлган стандарт амалиёт.
М.Эшмирзаева,
ЎзА