Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилги куз-қиш мавсумига кўрилаётган тайёргарлик ишлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти иштирок этиб, амалга оширилаётган ишлар юзасидан ОАВ вакилларига маълумотлар берди.
Маълумки, уй-жой мулкдорларининг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда соҳага биллинг тизими жорий этилган.
“Менинг уйим” биллинг тизими орқали бошқарув органларига 2022 йилда 41 фоиз мажбурий бадал келиб тушган бўлса, жорий йилнинг 6 ойлик даврида бу кўрсаткич 93 фоизга етказилди. Соҳада шаффофликни ошириш, ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, бошқарув органлари ҳамда аҳоли ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ва тизимда инсон омилини камайтиришда рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан бошқарув органларини электрон реестрга киритиш, шунингдек, кўп қаватли уйларни бошқарув органларига бириктириш эндиликда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бошқарув органлари томонидан жами 9 812 та кўп квартирали уйни 247 млрд. сўм маблағ ҳисобидан жорий таъмирлаш режалаштирилган. Мазкур ишларни бошлаш учун республикадаги мавжуд кўп квартирали уйлар хатловдан ўтказилиб, куз-қиш мавсумига тайёрлаш зарур бўлган таъмирталаб уйлар рўйхати шакллантирилди. Бунда энг аввало, аҳоли мурожаатлари ҳамда ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинди. Мазкур ишлар тижорат банклари томонидан кредит маблағлари жалб қилинмаган ҳолда, жами 754 та бошқарув органлари томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда дастур доирасида 4 478 та кўп квартирали уйда таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
Жумладан, 1 454 та уйнинг том қисми, 3 092 та кириш йўлаклари таъмирланди. Кириш йўлакларига 725 та темир эшиклар, 7 559 квадрат метр фрамуга ойна ромлар ўрнатилди. 2 050 та электр тақсимловчи шит, 1 090 ертўла, 722 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари, 332 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. Жами 34 419 та энергия тежамкор сенсорли лампалар ўрнатиш амалга оширилди. Белгиланган режа кўрсаткичларини жорий йилнинг 1 октябрь санасига қадар якунлаш режалаштирилган. Аввало, айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил март ойида имзолаган қарорлари асосида “Иссиқликтаъминоти” АЖ ташкил қилинди. Қарор билан Жамият иссиқлик таъминотини мувофиқлаштирувчи сифатида фаолият юрита бошлади. Аниқ ёндашувлар асосида соҳани ривожлантириш йўналишлари белгилаб берилди, мамлакат иссиқлик таъминотининг “ёпиқ тизим”га ўтишига старт берилди. Шунингдек, тизимдаги энергия йўқотишларни камайтириш учун 2025-2030 йилларда 2,8 трлн. сўм маблағ ҳисобидан тармоқлар модернизация қилинади ҳамда кўп квартирали уйларга жами 8 861 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилади.
Бугунги кунда ҳудудларда фаолият юритаётган иссиқлик таъминоти корхоналарида жами 543 та қозонхона ва 4 040 км. иссиқлик тармоғи мавжуд. Улардан ҳозирда 508 та қозонхона ва 3 610 км. иссиқлик тармоғи фаолият юритмоқда.
2025 йилнинг ўзида 773 та кўп қаватли уй марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/S1xyig-yn48?si=TrGQPJU49XDu_I5p" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Аброр Содиқов, Искандар Исматов, ЎзА