Агар Пекин Хитойнинг юраги бўлса, Тяньцзинь унинг юзидир, дейди чинликларнинг ўзи. Бўҳай кўрфази бўйи. Пойтахтдан 120 километр жанубда жойлашган ҳудуд. Иккинчи пойтахт мақомидаги шаҳар. Бу заминга шу юрт аҳолиси нега бунча юқори баҳо берганига қуйида ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Тяньцзиньнинг энг кўзга кўринган гўшаси Ҳайхэ дарёси бўйи саналади. Бу дарё асрлар давомида шаҳарни иқтисодий ва маданий томондан бойитиб келган. Бугун у бу “мажбурият”ини неча-неча баробар ортиғи билан бажармоқда. У нафақат табиий гўзал маскан, балки маданий, меъморий ва шаҳарсозлик жиҳатдан бетакрор мегаполис. Ана шу жиҳатлари билан у Хитойга йилига миллионлаб нафар саёҳларни жалб қилмоқда.
Бу ердаги тарихий ва замонавий бинолар, дарёбўйи пиёда йўлаклари ва кўприклар симметрияси кишини ҳайратга солади. Ушбу манзарани чироқлар ёғдусига қоришиқ бир тарзда тунда томоша қилган кишида ҳайратланиш туйғусиянада юқори бўлади.
[gallery-24223]
У ерда юрар экансиз, бир пайтнинг ўзида ҳам Хитой, ҳам Европа, ҳам келажакда тургандек бўласиз. Унинг ўзига хослиги ҳам шунда.
Шу жойда унинг баъзи бинолари нега Ервопани эслатади деган саволга жавоб бериб ўтиш лозим. Тяньцзинда ўн тўққизинчи асрда ғарб давлатлари учун йирик порт очилган. Натижада бу ерда француз, инглиз, немис ва итальян кварталлари вужудга келади. Булар ҳозиргача сақланган ва шаҳарга европача руҳ бағишлаб туради.
Шу эртакнамо жойда турибману хаёлимга Хоразимнинг “Арда Хива”си, Самарқанднинг “Боқий шаҳар”и каби манзиллари келди. Бу ҳақда кейинги материалларимизда батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса қуйидаги фоторепортажни томоша қилишни тавсия қиламиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (сурат),
ЎзА
Хитой, Тяньцзинь шаҳри