Сўнгги вақтларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг қуйи тизимларига фуқаролар томонидан аҳолининг ижтимоий нафақалари (болалар пули, ногиронлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ва шунга ўхшаш давлат ёрдам пули) маблағлари уларнинг банк пластик карталарига тушиши биланоқ фуқаронинг розилигисиз — автоматик тарзда кредит қарзи тўлови ҳисобига ечиб олиб қўйилаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.
Бугунги кунда юртимизда аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, янгиланган Бош Қомусимизнинг 57-моддасида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланиши кафолатланган.
Айни вақтда Ўзбекистонда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат бюджетидан ўндан ортиқ турдаги нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўлаб келинади.
Аҳолининг заиф қатламига тўланадиган ижтимоий нафақалар, яъни кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, ногиронлиги бўлган шахсларга нафақалар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар ва шу каби бошқа моддий ёрдам пуллари давлат томонидан бериладиган ижтимоий ҳимоя маблағлари ҳисобланади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасига асосан шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги кўрсатилган. Шу ўринда шартномага истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритиш, қолаверса, уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бермаслик тақиқланган.
Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилаётганидек, уларнинг розилигисиз Банк ва микромолия ташкилотлари томонидан ижтимоий нафақаларни қарз тўлови эвазига автоматик ечиб олиш амалиёти фуқаролик қонунчилигидаги оферта-акцепт нормасига мутлақо зид ҳолат ҳисобланади. Шунинг билан бир қаторда Конституциявий ва қонунчилик нормаларининг адолат тамойилларига ҳам умуман тўғри келмайди.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Марказий банк бошқарувига жамоатчилик сўрови киритилди.
Унга кўра, ваколатли орган сифатида барча банк ва микромолия ташкилотларининг ички тартибларига ижтимоий нафақаларни акцептсиз (розиликсиз) қарзга йўналтириш амалиётини чеклаш нормасини киритилиши, шунингдек, барча банк ва микромолия ташкилотларининг мавжуд автоматик ечиб олиш электрон дастурларидан ижтимоий ҳимоя маблағларини автоматик ечиб олиш амалиётини чиқариб ташлаш, фуқароларнинг истеъмолчи сифатида бузилаётган қонуний ҳақ ва ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида зарур таклифлар билдирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири