Қирғизистонда спорт курашлари бўйича U15 ёш тоифасидаги қитъа биринчилиги якунланди. Қувонарлиси, мусобақанинг эркин кураш бўйича беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларига эга чиқди.
Жумладан, мусобақада Асомиддин Бадриддинов ва Абдуқодир Сарсенбоев ўз вазнида олтин медалга эга чиққан бўлса, финалга қадар ўтказилган баҳсларда ғалаба қозонган Беҳзодбек Иброҳимов ҳамда Муҳаммадали Мўйдинов шоҳсупанинг иккинчи ўрнидан жой олди. Шунингдек, Ёсинали Сиддиқов ва Исмоилжон Назиржонов терма жамоамизга бронза медалини келтирди.
Дарвоқе, эркин кураш бўйича қўлга киритилган мазкур медаллардан сўнг терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида Ҳиндистон ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.
Маълумот ўрнида: чемпионатнинг юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза жамғариб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА