Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида биринчи давра баҳсларини "Нефтчи" ва "Хоразм" жамоалари ўртасидаги ўйин якунлаб берди.
Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказилган мазкур ўйинда “Нефтчи” 2:0 ҳисобида зафар қучди ва очколарини 30 тага етказиб олган ҳолда иккинчи ўринга кўтарилиб олди.
Миллий чемпионатимизнинг ўтган 15 та тур якунларига кўра, “Насаф” 33 очко билан карвонбошига айланди. “Динамо” эса 29 очко билан учинчи ўринга шўнғиди. Шунингдек, “Бунёдкор” ва ОКМК жамоалари 27 очко жамғариб, кучли бешликка жойлашди.

“Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари 26 очко билан 6-7 поғонадан жой олган бўлса, “Сурхон” 18 очко билан 8-ўринда қолди. “Андижон” ва “Қизилқум” 17 очко тўплаб, лиганинг энг кучли 10 та жамоаси қаторидан жой олди. Суперлиганинг 11-ўрнини “Сўғдиёна” клуби 16 очко билан банд этди. “Машъал”15, “Хоразм” 14, “Бухоро” эса 13 очко билан 12-14 ўринга жойлашди.

Мавсумни омадсиз ўтказаётган “Қўқон-1912” 12, “Шўртан” бор йўғи 9 очко билан қуйи поғоналарда бормоқда. Биринчи давра давомида “Пахтакор” клуби ҳужумчиси Игорь Сергеев чемпионат тўпурарлари рўйхатида 11 та гол билан яққол пешқадамга айланди. Уни Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) 9 та гол урган ҳолда таъқиб қилмоқда. Луис Каррочи (“Бунёдкор”) ва Ҳусайн Норчаев (“Насаф”) 8 та гол билан кейинги 3-4 ўринда қайд этилди.
Энди жамоалар 1 август кунига қадар қисқа муддатли таътилга чиқади ва шу куни чемпионатнинг 16-тури старт олади ҳамда 3 август кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА