Онлайн рўйхатдан ўтиш (my.dtm.uz сайти орқали), ҳужжатларни тўлиқ ҳолда тўғри тақдим этиш, тест синовларида иштирок этиш, имтиёзлар ва квоталардан мақсадли фойдаланиш абитуриентлар учун муҳим жараёнлар саналади.
2025-2026-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентларга “Абитуриент рухсатномаси”ни бериш бошланди.
Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун “Абитуриент рухсатномаси”ни my.uzbmb.uz сайтига шахсий идентификация рақами ҳамда паспорт серияси ва рақамини киритган ҳолда олиши мумкин. Абитуриентлар тест синовига паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда келиши лозим.
Қайд этиш лозимки, 2025-2026-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари жорий йил 14 июлдан 23 июлга (10 кун) қадар бўлиб ўтади.
Тест синовлари кунига 2 сменада ташкил этилади. 1-смена соат 08:00 да, 2-смена 15:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари бошланишидан камида бир ярим соат олдин белгиланган ҳудудга етиб келишлари талаб этилади. Паспорт нусхаси ёки бошқа ҳужжатлар билан келган, шунингдек, кечикиб келган абитуриентлар тест синовларига киритилмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА