Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги “Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 5 та янги микро гидроэлектр станция фойдаланишга топширилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан республикамиз ҳудудлари бўйлаб тасдиқланган режа асосида микро ГЭСларни барпо этиш ва ишга тушириш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнда маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамият тасарруфидаги “UzHydroPower” заводида гидроиншоотлар учун зарур бўлган агрегатлар ва асбоб-ускуналар маҳаллий шарт-шароитда ишлаб чиқарилмоқда.
Хусусан, Нукус туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 3 та микро ГЭС қурилиб, ишга туширилди. “Ақтерек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Бўзатов канали оқимидан фойдаланилган ҳолда қуввати 15 кВт бўлган микро станция қурилди. Бу қурилма йилига 85 минг кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, маҳалланинг электр таъминотини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, “Кердер” овул фуқаролар йиғинига қарашли “Қизил уй” овулидаги Тўрткўл каналининг сув ресурслари асосида қуввати 30 кВт/соат бўлган яна 2 та микро ГЭС фаолияти йўлга қўйилди. Бу станциялар йилига 175 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Бундан ташқари, Хўжайли туманидаги “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи Суенли каналида ҳар бири 50 кВт қувватга эга бўлган яна 2 та микро ГЭС қурилди. Мазкур объектлар йилига 580 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятига эга.
Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур ташаббуслар маҳаллий тадбиркорлар учун намунавий лойиҳа сифатида хизмат қилмоқда. Энди давлат-хусусий шериклик асосида янги микро ГЭСларни қуришда тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этишлари мумкин.
Натижада Нукус туманида 3 та, Хўжайли туманида 2 та микро ГЭС маҳаллий аҳоли учун барқарор электр энергия манбаи сифатида иш бошлади. Шунингдек, ушбу станциялар туман маҳаллаларига бириктирилиб, улар ишлаб чиқарган электр энергиясидан келиб тушган маблағлар маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожига йўналтирилиши белгиланди.
Н.Зиёдуллаева,ЎзА