Маълумки, жорий йилнинг 2-5 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ об-ҳаво оқимлари кириб келиши натижасида шу кунлари мамлакатимизда аномал иссиқ кузатилди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуровнинг ССВ матбуот хизматига маълум қилишича, ўтган ҳафтада, яъни аномал иссиқ кузатилган даврда республика бўйича тез тиббий ёрдам хизматига жами 247 минг 459 та чақириқ келиб тушди. Уларнинг 172 минг 676 тасини шошилинч кўрсатма, 65 минг 163 тасини эса сурункали касалликлар билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этди.
Қайд этилишича, тегишли масъул ташкилотлар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга аномал иссиқ ҳаво шароитида эҳтиёт чораларини кўриш тўғрисида берилган тавсиялар туфайли чақириқлар сони ундан олдинги ҳафта (24-29 июнь)га нисбатан 1,2 фоизга камайган.
– Одатда, ёз фаслида юртимизда минтақамизга хос бўлган қуруқ иссиқ кузатилади, – дейди мутахассис. – Айниқса, сўнгги кунларда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам юқори ҳарорат сақланиб қолмоқда. Албатта, бундай пайтда, энг аввало, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар саломатлигига алоҳида эътибор талаб этилади. Шу боис, улар соғлиғини тиббий назоратга олиш, зарурат бўлганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Айниқса, иссиқ ҳавода сурункали хасталиклар хуруж қилишини эътиборга олсак, “Тез ёрдам” хизмати ходимлари зиммасига катта масъулият юкланади.
Дарвоқе, зарурат бўлмаса, жазирама пайти ташқарига чиқмаслик, тез-тез суюқлик ичиш, имкон қадар ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА