Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, Маданият масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гунай Эфендиева “Ўзбекистоннинг маданият элчиси” унвони ва медали билан тақдирланди.
Фахрий мукофотни Гунай Эфендиевага Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков топширди.

Вазир Озодбек Назарбековнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан ўзбек маданиятини тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолият доимий равишда қўллаб-қувватланади ва юксак баҳоланади.

Тадбирда Гунай Эфендиеванинг Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини тарғиб қилиш соҳасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Гунай Эфендиева кўрсатилган ишонч ва юксак баҳо учун миннатдорлик изҳор этди. У ҳар доим мамлакатларимиз ўртасидаги интеграцияни ва маданий алмашинувни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда жорий йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлиши муносабати билан мазкур муҳим сана алоҳида қайд этилди.
Учрашув маданий алоқаларни янада кенгайтиришга оид келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокамаси билан давом этди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири