Хорватия пойтахти Загребда ўтган "Grand Chess Tour" тизимидаги навбатдаги “Rapid & Blitz Croatia” турнирининг блиц баҳсларида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов бронза медалини қўлга киритди.
Кеча ўтказилган блиц мусобақаларининг охирги 9 та тури давомида Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш, Магнус Карлсен, Рамешбабу Праггнанандхани мағлубиятга учратди.

Мукофот жамғармаси 175 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг умумий натижаларига кўра, Магнус Карлсен 22,5 очко билан ғолибликни тантана қилди. Кейинги поғоналарни Уэсли Со ва Доммаражу Гукеш эгаллади. Нодирбек Абдусатторов 18 очко билан 7-поғонани банд этди.
Мусобақанинг рапид йўналишида совринли ўринлар Доммаражу Гукеш, Магнус Карлсенга тегишли бўлган вазиятда блиц мусобақаларида Магнус Карлсен, Уэсли Со ва Нодирбек Абдусатторов кучли учликдан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, халқаро турнир ғолиби 40 минг, 2-ўрин 30 минг, 3-ўрин 25 минг, 4-ўрин 20 минг, 5-ўрин 15 минг, 6-ўрин 11 минг, 7-ўрин 10 минг, 8-ўрин 9 минг, 9-ўрин 8 минг, 10-ўрин 7 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. Шунингдек, мусобақада энг яхши кўрсаткичга эришган шахматчилар "Grand Chess Tour" тизимидаги кейинги турнирларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА