“Ёш бухороликлар” ҳаракатининг йирик вакили, давлат ва жамоат арбоби Қори Йўлдош Пўлатов 1890 йилда ҳозирги Туркманистоннинг Керки шаҳрида зиёли оиласида туғилган. Ёшлигида эски мактабда савод чиқарди, қорихонада таълим олиб қори бўлди. Шундан сўнг Бухородаги машҳур Мир араб мадрасасига ўқишга киради. Талабалик йилларида жадидчилик ғоялари билан танишиб, “Ёш бухороликлар” ҳаракатига аъзо бўлади.
Қори Йўлдош Пўлатов мадраса таҳсилини якунлагач Керкига қайтади. Бекликда болаларнинг янги усулда саводини чиқариб, халқни жадидчилик ғоялари билан таништира бошлайди. Аҳоли ўртасида жадид матбуотини тарқатди, театр томошалари ташкил қилиб, ундан тушган маблағ ҳисобидан қироатхона ва кутубхона очади. 1912 йилдан “Ёш бухороликлар” фирқасининг Карки шўъбаси бошлиғи сифатида танилади.
1918 йил март “Колесов воқеалари”дан сўнг амирликда “Ёш бухороликлар” аъзоларига нисбатан таъқиб тазйиқ ишлари авж олдирилди. Қори Йўлдош Пўлатов ҳам бошқа сафдошлари қаторида амирлик сарҳадларидан қочиб чиқиб Самарқанд шаҳрида муҳожирликда яшай бошлади. 1919 – 1920 йилларда Самарқанд вилояти халқ таълими мудири вазифасида иш олиб боради.
Файзулла Хўжаев, Қори Йўлдош Пўлатов ва Фитратларнинг таклифи билан Бухоро заминига Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон, Ғулом Зафарий каби кўплаб педагог олимлар, адабиёт, санъат дарғалари таклиф этилди. Қори Йўлдош янги мактаблар очиш, иқтидорли ёшларни чет элга ўқиш учун юбориш каби хайрли ишларни бошида турди. Унинг имзоси билан Бухоро меъморчилик обидалари, осори-атиқа ва маданий меросни асраш тўғрисида бир қатор буйруқ ва фармонлар имзоланди. Бухородан юзлаб ёшлар Германия, Туркия, Озарбойжон, ички Россиянинг Петербург, Москва шаҳарлари илм олиш учун йўлланди.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони педагог, публицист, иқтисодчи, маданият арбоби Қори Йўлдош Пўлатовга бағишланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/o8D9-5nUQ4A?si=lgxMugLEr8r879Ag" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов,ЎзА