Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2-4 июль кунлари Озарбайжон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитидаги иштироки кўп қиррали ва ўзаро манфаати ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлди.
Айни мавзуга кўплаб маҳаллий ва хорижий экспертлар илиқ муносабат билдираётгани ҳам ташрифнинг юқори аҳамиятидан дарак.
Ян Чэн, Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси директори:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи ва Озарбайжон – Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгаши иккинчи мажлисидаги иштироки ўзаро муносабатнинг стратегик ва иттифоқчилик хусусияти ёрқин тасдиғидир.
Имзоланган икки томонлама битимларнинг салмоқли тўплами иқтисодиёт, логистика, маданият, таълим сингари муҳим йўналишларни қамраб олган бўлиб, барча масалаларга тизимли ёндашув ва узоқ муддатли ҳамкорлик мақсадини акс эттиради.
Хитой институционал жиҳатдан мукаммал, ўзаро манфаатли ва юқори даражадаги сиёсий ишончга асосланган мазкур мулоқот жараёнини қизиқиш билан кузатмоқда. Айтиш жоиз, бундай яқинлашув замирида икки давлат раҳбарларининг яқин муносабати мужассам. Олий даражадаги доимий мулоқот долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича келишилган қарорлар чиқариш, қўшма ташаббусларни тезкорлик билан илгари суришга хизмат қилмоқда.
Иттифоқчиликни изчил мустаҳкамлаётган Ўзбекистон Қорабоғ ҳудудини тиклашда Озарбайжонга ёрдам кўрсатган илк давлат сифатида ўта муҳим инсонпарварлик ҳаракатини амалга оширди. Президент Шавкат Мирзиёев дунёда биринчи бўлиб ўз ташаббуси билан озод қилинган ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш учун маблағ йўналтирди. Жумладан, Фузулий туманида замонавий мактаб қурилди. Бу қадам кенг кўламда акс-садо бериб, ўзбек-озар биродарлиги халқаро жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтирди.
Бугунги кунда асосий эътибор бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиётларни, биринчи навбатда, энергетика, қурилиш, меҳмонхона бизнеси ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳалар орқали ривожлантиришга қаратилмоқда. Экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватлари, логистика ва агросаноат марказлари барпо этиш каби аниқ инвестиция дастурлари амалга оширилмоқда. Тўқимачилик, мева-сабзавот, қурилиш ва металлургия саноатида удкан салоҳиятга эга Ўзбекистон Озарбайжон тимсолида нафақат муҳим стратегик ҳамкор, балки янги бозорларга чиқиш йўлини ҳам топмоқда.
Транспорт ва логистика йўналишидаги алоқалар алоҳида ўрин тутади. Глобал таъминот занжири ўзгариши шароитида мамлакатлар янги, барқарор йўналишларни қидиряпти. Шу аснода Ўзбекистон “Боку – Тбилиси – Карс” Ўрта йўлаги лойиҳасини фаол илгари сурмоқда, Олот портида ҳам терминал қуришдан манфаатдор. Шу тариқа шимолий йўналишларга муносиб муқобил ташаббус сифатида экспорт ва транзит учун қисқа, арзон йўналиш таклиф этилади. Ушбу йўлакнинг географик устунлиги текис рельефи, кўп юкни кам вақт ва паст нархда ташиш имкониятида намоён бўлади.
Энг муҳими, мазкур транспорт занжирига кўпгина давлатлар, жумладан Хитойнинг ҳам қизиқиши ортмоқда. ХХРдан Европага денгиз орқали юк олиб бориш учун 35-40 кун кетади, Транс-Сибирь йўналиши бўйича эса тахминан 20 кун юришга тўғри келади. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё, Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали ўтадиган Евросиё қуруқлик йўли, айниқса, юқори даромадли ва вақт талаб қиладиган маҳсулотларни етказиб бериш учун муҳим чизиққа айланиши табиий.
Саид Элбанна, Қатар университети Тадбиркорлик ва ташкилий маҳорат маркази директори:

– Биринчи навбатда ташриф Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш йўлидаги барқарор тенденцияни яна бир бор тасдиқлади. Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланиши беқиёс аҳамиятга эга. Ҳужжатда томонларнинг минтақавий ва халқаро сиёсат доирасидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштиришга тайёрлиги таъкидланган.
Савдо-иқтисодиёт йўналишда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек Каспий денгизи орқали логистика йўлагини кенгайтириш бўйича келишув мавжуд.
Марказий Осиёни Европа билан боғловчи Транскаспий транспорт йўли (Ўрта йўлак)ни ривожлантириш савдо йўлларининг глобал трансформацияси шароитида муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи амалий ҳамкорликка янги суръат бағишлайди, деб ўйлайман. Имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар икки давлатнинг минтақа ҳамда халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлайдиган узоқ муддатли лойиҳаларга асос солди.
Хосе Мари Чикийо (Испания), ЮНЕСКОнинг “Ипак йўллари” халқаро дастури раҳбари, Халқ партияси депутатлари конгрессининг собиқ аъзоси:

– Ташриф, шубҳасиз, замонавий дипломатия амалиётида ёрқин воқеа, стратегик шерикликни ҳаётий мазмун билан бойитиш намунасидир.
Аввало, икки давлат раҳбарлари нафақат сиёсий ва иқтисодий масалалар, балки гуманитар-маданий соҳага ҳам эътибор қаратгани эътирофга лойиқ. Демак, ҳар икки томон халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик, тарихий алоқалар муҳимлигини чуқур англаб етган.
Боку шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси янги биноси тантанали тарзда очилиши ташрифнинг рамзий воқеаларидан биридир. Иншоот миллий ўзликни ҳурмат қилиш тимсолига айланган: заллар Ўзбекистон вилоятлари номи билан аталган, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан дўстлик ва ҳамжиҳатлик белгиси сифатида бир залга Қорабоғ номи берилади. Бу шунчаки дипломатик ишора эмас, балки ўзаро ишончни мустаҳкамловчи, тарихий туйғу ва анъаналарга юксак ҳурмат-эҳтиромни намоён этувчи маданий кўприкдир. Элчихонада дипломатлар фаолияти учун яратилган шарт-шароит ҳамкорликни барча даражада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бокунинг энг истиқболли ҳудудларидан бири – “Оқ шаҳар” мавзесида “Ўзбекистон” боғи қурилиши бошланиши ҳам бежиз эмас. 4,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу лойиҳа нафақат дам олиш маскани, балки маданий алмашинув майдонига ҳам айланади. Миллий ўзбек меъморчилиги унсурлари, меъморий ёдгорликлар, ям-яшил хиёбонларни қайта тиклаш, шунингдек меҳмонхона, савдо ва кўнгил очар масканлар яратиш режалаштирилган. Бу шунчаки боғ эмас, очиқ осмон остидаги маданият элчихонаси бўлиб, мажмуада Озарбайжон аҳолиси ва меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой тарихи, анъаналари ва эстетикаси билан танишиши мумкин. Давлат раҳбарлари пойдевор қўйишда шахсан иштирок этиши рамзий маънога эга.
Бундан ташқари иқтисодий соҳада – товар айирбошлаш ва ўзаро сармоя миқдорини 1 миллиард долларга етказиш, ҳамкорликнинг янги шаклларини йўлга қўйиш, “яшил” энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар ҳар икки давлат барқарор ривожланишига хизмат қиладиган, узоқни кўзлаган режалар намойишидир.
Транспорт алоқаси ва Ўрта йўлакни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор стратегик фикрлаш ва кенг Евросиё интеграциясига йўналтирилган. Бундан нафақат икки давлат, балки Европа Иттифоқи мамлакатлари, жумладан Испания ҳам наф кўради.
Илмий-маърифий нуқтаи назардан ректорлар форуми, парламентлараро учрашув, ёшлар тадбирлари муваффақиятли ўтаётгани айниқса қувонарли. Бу академик ҳамкорлик, талаба ва олимлар алмашинуви, қўшма тадқиқот учун мустаҳкам замин яратади.
Умуман, Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи дипломатияни нафақат расмий музокаралар, балки инсоний ва маданий мазмун билан ҳам бойитиш мумкинлигининг ишончли ва ёрқин намунасидир. Тарихда чуқур из қолдирадиган ва дунёнинг бошқа минтақалари учун намуна бўла оладиган мазкур воқеа – ўзаро ҳурмат, мулоқот, тараққиёт ва тинчлик гаровидир.
Гўзал Сатторова тайёрлади. ЎзА