Шу кунларда Хитойнинг Шэньян шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ўтказилаётган “Халқ дипломатияси” ва “Биродарлашган шаҳарлар” форумларида Ўзбекистон вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Тадбирлар ШҲТнинг Хитойдаги Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси, Хитой халқи хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамияти ва Ляонин вилояти халқ ҳукумати кўмагида ташкил этилган.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров “Биродарлашган алоқалар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик” мавзусидаги сессияда ҳамда Шэньян билан биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган иккинчи халқаро конференцияда қатнашди.

Мамлакатимиз вакили халқ дипломатиясининг давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва англашувни мустаҳкамлашдаги муҳим ўрнини таъкидларкан, халқлар ўртасидаги маданият, тарих ва дунёқарашни ўзаро англаш дўстлик пойдеворини мустаҳкамлашига урғу берди.
Форум доирасида ёшлар учун инновация ва илғор ишлаб чиқаришга бағишланган анжуман ҳам бўлиб ўтади.
Тадбир якунида “ШҲТ мамлакатларида халқ дипломатиясини барқарор ривожлантириш бўйича Консенсус” ва “Шэньян ташаббуси” қабул қилиниши, қатор шаҳарлар ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорликка оид битимлар имзоланиши кутиляпти. Хусусан, Ўзбекистон Халқ дипломатияси маркази ва Хитой халқи хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилган.
Ғ.Хонназаров, ЎзА