Шинжон-Уйғур автоном районининг маъмурий маркази – Урумчи шаҳрида анъанавий тарзда ўтказилган “Хитой – Евроосиё” ЭКСПО 2025 кўргазмаси дунё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фан-техника соҳасидаги янги ишланмаларни тарғиб қилиш ҳамда маданий алмашинувни кучайтиришда муҳим платформа бўлди.
Кўргазмадаги энг эътиборга молик жиҳат – фан ва технология соҳасидаги илғор ютуқларнинг кенг намоён қилинганидир. Сунъий интеллект, бионик роботлар, интеллектуал дронлар, автоном транспорт воситалари инсон ақли ва муҳандислик салоҳияти нақадар юксаклигидан далолат беради. Айниқса, тиббий хизмат ва қутқарув операцияларига мўлжалланган бионик роботлар, инсон ҳаракатини англаш қобилиятига эга интеллектуал қурилмалар, масофадан бошқариладиган транспорт тизимлари – бугунги кунда дунёдаги технология йўналишларининг қай даражада тараққий этганини яққол кўрсатди.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, ЭКСПО доирасида 40 дан зиёд тадбирлар ўтказилди. Ярмаркада дунёдаги энг нуфузли компаниялар – Fortune Global 500 рўйхатига кирган 100 дан ортиқ корпорация иштирок этди. Шунингдек, Хитой ва хориждан келган 5000 дан ортиқ мутахассис ва йирик харидорлар қатнашди.
ЭКСПОда алоҳида ташкил этилган “Сифатли экспорт маҳсулотлари ҳудуди” орқали юқори сифатга эга, рақобатбардош маҳсулотлар намойиш қилинди. Бу истеъмолдаги янги трендларни белгилашда муҳим ўрин тутади.
Ярмарка доирасида мода кўргазмалари (fashion show) ҳам ташкил этилди. Бунда Синьцзяндаги пахта етиштириш, тўқимачилик маҳсулотлари ва дизайн соҳасидаги ишланмалар асосида яратилган маҳсулотлар тақдим қилинди. Бу тадбир ишлаб чиқариш занжиридаги инновацияларни уйғунлаштириш ҳамда бозорни янгилашга хизмат қилади. Шунингдек, ЭКСПО 2025 замонавий маркетинг ечимларини ҳам ўз ичига олган.
“Трансчегаравий электрон савдо павильони” орқали Хитой ва хориждан блогерлар ва инфлюенсерлар жалб этилган, маҳсулотлар жонли эфирлар орқали тарғиб қилинди. Бу ишлаб чиқарувчиларга янги бозорларга чиқиш имконини янада кенгайтиради. Бу ечим рақамли савдо майдонини кенгайтириш, маҳсулот экспортини рағбатлантириш ва тармоқлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
ЭКСПО доирасида ўтказилган миллий павильонлар кўргазмаси барчага манзур бўлди. Турли мамлакатлар ўзининг иқтисодий, технологик ва маданий салоҳиятини тақдим этди. Бундай тадбирлар нафақат иқтисодий муносабатларни, балки халқлар ўртасидаги маданий кўприкни ҳам мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, айниқса, саноат, агротехнология, транспорт ва логистика соҳаларида катта салоҳиятга эга. Бундай кўргазмаларда иштирок этиш орқали юртимиз вакиллари замонавий билим ва илғор тажрибаларни олиш билан бирга, янги ҳамкорлар билан алоқаларни ўрнатиш имконига эга бўлмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EBXIZktVqhc" title="Eng ilg‘or ishlanma va texnologiyalar namoyishi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова, ЎзА