Centrum-Air авиакомпанияси томонидан "Нукус - Ақтау – Нукус” авиарейси йўлга қўйилди.
Ушбу авиакомпанияга тегишли ҳаво кемасининг биринчи рейси “Ақтау -Нукус” йўналиши бўйича ўз парвозини амалга ошириш учун Нукус халқаро аэропортига келиб қўнди. Яъни парвозлар 3 июль кунидан бошлаб амалга оширила бошланди.
– Янги рейснинг дастлабки йўловчиларидан бири эканлигимдан хурсандман, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидан Икласбой Камалов. – Ўғлим билан Ақтау шаҳрига боряпмиз. Авваллари бориб-келиш жудаям қийин эди. Авиачипталарни онлайн тарзда харид қилдик. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмади.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини янада ошириш, халқимизга авиа хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида йўлга қўйилган янги авиарейслар қўшни давлатлар билан ҳар томонлома алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири