Янги фармон

Ўзбекистонда давлат хизмати ҳақида гап кетганда, кўп йиллар давомида қоғозбозлик, рақобатдан холи муҳитни тасаввур қилар эдик. Бир сўз билан айтганда, бу иш “фаолият тури” эмас, “имтиёз” сифатида кўриларди. Замон ўзгармоқда, демак, давлат хизмати тизими ҳам шунга мос тарзда янгиланиши шарт.
Жорий йил 19 июнь куни “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан белгиланган вазифалар, унинг моҳияти, янги профессионал давлат хизматчилари корпусини яратиш йўлидаги аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар филиали раҳбари Шоҳрух МАМАЖОНОВ билан суҳбатлашдик.
– Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар марказидаги асосий ғоя – давлат органлари халқ манфаати йўлида хизмат қилиш лозим, – деди Ш.Мамажонов. – Бу, ўз навбатида, эскича ишлаш тизимидан воз кечиб, замонавий, давр талабига мос давлат хизматига ўтишни билдиради. Президентимизнинг “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлат фуқаролик хизматини тубдан ислоҳ қилиш ва 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш учун кенг қамровли дастур ҳисобланади. Бу ҳужжат давлат хизматидаги эски стереотипларни парчалайдиган, натижа ва халқ манфаатини кўзлаб, сифатли хизматни амалга оширадиган янги профессионал давлат хизматчилари корпусини яратиш даврини бошлаб бермоқда.
Фармон билан тизимдаги баъзи аввалги декларатив ёндашувларни четга суриб, аниқ индикаторларга, рақамлаштиришга ва натижага йўналтирилган механизмларни амалга жорий этиш кўзланган. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини очиқ, самарали, инсонга йўналтирилган тизимга айлантириш мақсад қилинган. Давлат фуқаролик хизматчиси энди фақат буйруқ бажарувчи эмас, балки стратегик фикрловчи, жамоатчилик олдида жавобгар, самарадорликка ишлайдиган инсон ҳисобланади. Энг муҳими, ходимни танлаш, ўқитиш, баҳолаш ва рағбатлантириш мезонлари энди очиқ ва адолатли бўлади. Фармон орқали илк марта давлат фуқаролик хизмати соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, малакали кадрлар сиёсати, инсон ресурсларини бошқариш, ижтимоий ҳимоя, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида қайта қуриш кўзда тутилган. Бир сўз билан айтганда, давлат хизматида ишлаш имтиёз эмас, бу – масъулият.
– Давлат фуқаролик хизматида асосий ўзгаришлар ва янги қоидалар нималардан иборат?
– Аввало янги кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган ходимлар билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра номуайян муддатга узайтирилади. Бу ўзгариш кадрлар сифатини назорат қилиш ва энг муносиб ходимларни саралашга қаратилган.
Шунингдек, компетенция бош мезон бўлади. Давлат хизматида энди “таниш-билиш” эмас, билим, қобилият ва шахсий масъулият биринчи ўринга чиқади. Ҳар бир лавозим учун аниқ компетенциялар профили ишлаб чиқилади. Вакант лавозимларга қабул “vacancy.argos.uz” портали орқали шаффоф танлов асосида амалга оширилади. Шу билан бирга, давлат хизматчилари доимий билим ва кўникма синовларидан ўтади.
– Кадрлар малакасини ошириш қандай йўлга қўйилади?
– Малака ошириш мажбурий бўлиб, давлат томонидан молиялаштирилади. Янги қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ўташи ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини тамомлаши белгиланган. Диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа бўйича билим даражаси, компьютер саводхонлиги, хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади. Бундан ташқари, давлат хизматчиси ҳар йили онлайн ва офлайн шаклда ўз малакасини ошириб боради. Таълим харажатлари давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ёки махсус грантлар ҳисобидан қопланади. Малакали кадрларга рейтингига қараб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади (мукофот, лавозимда юқорилаш, ижтимоий пакетлар).
Яна бир жиҳат: давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади. “Республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри” шакллантирилди. Бу – белгиланган ягона рўйхат (реестр) бўлиб, у орқали бутун мамлакат бўйлаб қайси давлат идорасида қандай лавозимлар мавжуд эканлиги расман қилиб таснифланган. Ҳар бир лавозим учун аниқ вазифалар, малака ва маош кўрсатилади.
Бу реестр давлат хизматини “шаффоф”, “тизимли” ва “адолатли” қилишга қаратилган асосий ҳуқуқий восита бўлиб, давлат идоралари ичидаги барча лавозимлар ягона тартибга келтирилади ва келажакда рақобатли, самарали фуқаролик хизмати шаклланишига замин яратилади. 2026 йилдан бошлаб эса иқтидорли бошқарувчилар ва лидерларни аниқлаш учун “ТОП-100” дастури жорий этилади. Ҳар икки йилда бир марта 100 нафар салоҳиятли бошқарув кадрларини саралаб олиш бўйича Республика танлови ўтказилади ва ғолиблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
– Фармонда коррупцияга қарши механизмлар ва кучли жамоатчилик назорати хусусида қандай вазифалар илгари сурилган?
– Фармонда давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш учун “ҳалоллик вакцинаси“ни сингдириш ҳамда превентив механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Бунда коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш механизми жорий этилади. Жумладан, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш учун “Xizmat safari” ягона модули жорий этилади. Кадрлар фаолиятида коррупцияга қарши алоҳида стандартлар белгилаб берилади ҳамда ҳар бир давлат идораси ўз фаолиятини жамоатчиликка ҳисобот қилиб тақдим этади.
Рақамлаштириш ва технологик ўзгаришлар борасида эса 1 сентябрдан бошлаб “Давлат хизматчиси” мобиль иловаси ишга туширилиб, масофавий тарзда компетенцияларни ривожлантириш имконияти яратилади.
Ўз ўрнида давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги ҳам юритилади. Бу келгуси йил 1 январдан бошлаб жорий этилади. Рейтинг инсон ресурсларини бошқариш самарадорлиги, давлат хизматлари сифати, фаолиятнинг очиқлиги, коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги, рақамлаштирилганлик даражаси каби йўналишларни қамраб олади.
– Хотин-қизларни давлат хизматига жалб қилиш чоралари қандай белгиланган?
– Давлат хизматига хотин-қизларни кенг жалб қилиш учун уларнинг соҳага бўлган қизиқиши, манфаатдорлиги ва ишончини ошириш йўналиши белгиланган. Аввало мослашувчан иш режимлари ва масофавий ишлаш имкониятлари яратилади. Аёллар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ёшлар учун алоҳида мотивацион дастурлар жорий этилади. Ҳар бир давлат ташкилотида инклюзив муҳит яратиш мажбурий бўлади. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя пакетларига (ижара, транспорт, болалар боғчаси ёрдами) алоҳида эътибор қаратилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 2030 йилгача давлат идораларини стратегик режалаштиришни яхлит тизим билан қамраб олиш 100 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматида хотин-қизларнинг улушини 2030 йилгача 40 фоизга етказиш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, халқ ишончи давлат хизмати самарадорлигининг энг қимматли ресурсидир. Ишончни топиш қийин, йўқотиш осон. Ишонч бўлган жойда ривожланиш ва барқарорлик бўлади. Бу фармон аввало ана шу ишончни мустаҳкамлаш, давлат фуқаролик хизматини комплекс ислоҳ қилиш, кадрлар сифатини ошириш, рақамлаштириш ва замонавий бошқарув тизимларини жорий этишга қаратилган. Ўзгаришлар эса соҳада самарадорликни сезиларли даражада ошириш ва халққа хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга олиб келади.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.