Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази вакиллари Хитой Халқ Республикаси Шэньянг шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти “Халқ дипломатияси форуми” ва “Биродарлашган шаҳарлар форуми” тадбирларининг тантанали қабул маросимида иштирок этди.
Анжуманда аъзо мамлакатлардан жамоат арбоблари, сиёсий етакчилар, халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг 400 дан зиёд вакили қатнашди.

Эркин мулоқот тарзида ташкил этилган маросимда халқ дипломатиясининг минтақавий бирдамликни таъминлаш, ўзаро ҳамкорлик ва маданиятлараро мулоқотни кенгайтиришдаги ўрни, Марказнинг бу борадаги фаолияти борасида фикр алмашилди.

Хусусан, Хитой яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Цуй Ли хоним Қўмита ва Марказ ўртасидаги ҳамкорлик, шу билан бирга Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларига тўхталиб ўтди.
ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбаев Марказ фаолиятини юқори бахолаб, амалга оширилаётган лойиҳаларни кузатиб бораётганини таъкидлади.

Қўмита Бош котиби Цзо Хунбо ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан мулоҳаза юритиб, ШҲТ Халқ дипломатияси форуми мунтазам тус олиши зарурлигин таъкидлади, келгусида форумни Марказий Осиё мамлакатларидан бирида ўтказиш кутилаётганини билдирди.

Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамияти раиси Ян Ванминь мавжуд алоқалар халқ дипломатиясини ривожлантиришда янги эшиклар очишига урғу бераркан, ШҲТ доирасида Халқ дипломатияси марказлари сони ортаётганидан мамнунлигини қайд этди.

Шунингдек, аъзо мамлакатлардаги халқ дипломатияси институтлари, жумладан Россия ШҲТ Халқ дипломатияси миллий маркази директори Станислав Королёв, Тожикистонда ШҲТ дўстлик ва ҳамкорлик маркази директор ўринбосари Жамшид Тошев, Покистон Тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар инсититути ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур билан ҳам музокаралар ўтказилди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА