Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев Япониянинг “Sojitz Corporation ” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Косуке Уэмура билан учрашув ўтказди.
2004 йил ташкил этилган, энергетика, инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларига ихтисослашган ушбу корхонанинг умумий активи 19,2 миллиард доллар, ходимлари 25 300 нафар. 2024 йил июнда Тошкент шаҳрида ваколатхонасини очган мазкур компания билан сентябрь ойида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган стратегик “Йўл харитаси” имзоланган.

Учрашув давомида Самарқанд шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида кўп тармоқли шифохона, Сирдарё вилоятида 1 573 МВт қувватга эга буғ-газ электр станцияси, шунингдек Навоий вилоятида 1 ГВт қувватли шамол электр станцияси қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар энергетика, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларидаги инвестиция лойиҳалари кўламини кенгайтириш орқали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини маъқулладилар.
М.Пирматова, ЎзА