Тарихий, маданий ва географик жиҳатдан муҳим минтақалар – Марказий Осиё ва Миср бой тарихи, урф-одати ва қадим цивилизацияси билан ажралиб туради. Марказий Осиёнинг кенг ҳудуди қадимги йўллар, савдо ва маданий алмашинув нуқталари ҳисобланади, Миср ҳам ажойиб архитектураси, бой маданий мероси билан танилган.
Султон Сайфиддин Қутузхон, Аҳмад Ал-Фарғоний, Қавомиддин Амир котиб Иқоний каби Марказий Осиё тупроғидан етишиб чиққан алломалар илмий фаолияти айнан Миср билан чамбарчас боғланиб кетган. Уларнинг табаррук изи қолган Қоҳира, Искандария, Самарқанд, Хоразм, Туркистон сингари боқий масканлар бизни маънавий жиҳатдан боғлаб, дунёқарашимиз, тафаккуримизни бойитиб, руҳиятимизга қудрат бахш этади.
Яқинда Мисрдаги элчихонамиз ва “Жалолиддин Мангуберди” жамғармаси ташаббуси билан Қоҳира шаҳридаги давлат кутубхонасида “Марказий Осиё – Миср: қадим тамаддунлар чорраҳасида илм-фан ва маданият тараққиёти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Қоҳира илмий жамоатчилиги, журналистлар, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик тадқиқотчилар ҳамда талабаларни жамлаган ушбу йиғин икки минтақа ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Гавҳар Матёқубова, Ўзбекистон халқ артисти:

– Марказий Осиё ва Миср инсоният тарихидаги энг қадим ва ривожланган тамаддунлар бешигидир. Бу икки ҳудуд илмий тафаккур шаклланиши, маданий бойликлар юзага келиши ва кенг тарқалишида муҳим ўрин тутади. Ўзаро таъсир ва алоқа нафақат тарихий жараён, балки замонавий илм-фан ва маданият ривожида ҳам сезиларли аҳамият касб этади.
Мисрдаги қадимий геометрия, тиббиёт ва архитектура соҳаларидаги ютуқлар Марказий Осиёда шаклланган илм-маърифат муҳитига таъсир ўтказган. Шу билан бирга Бухоро, Самарқанд ва Хивадан етишиб чиққан алломалар – Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Беруний илмий мероси бутун ислом олами, жумладан Мисрда ҳам беқиёс эътирофга сазовор.
Айниқса, ислом дини тарқалиши даврида Марказий Осиё ва Миср ўртасида илм ва маданият алмашинуви янада жадаллашди. Араб тилида ёзилган асарлар ва мадрасалар ушбу жараёнда муҳим ўрин тутди. Масалан, Қоҳирадаги Ал-Азҳар олийгоҳи ва Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси каби таълим масканлари илм-фан тараққиётида стратегик аҳамият касб этган.
Бугунги кунда ҳам Марказий Осиё ва Миср ўртасидаги илм ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Археология, тилшунослик, маданий меросни ўрганиш ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳалар ўзаро тарихий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Раҳматжон Абдусатторов, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти фахрий раиси:

– Марказий Осиёда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар тизимини ҳаётга жорий этиш ва чуқурлаштириш шароитида тарихни ўрганиш, ҳалигача номаълум қирраларни очиш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий-маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш минтақа сиёсатининг устувор масалаларидан бирига айланган. Ислом маърифати ва маданиятига салмоқли ҳисса қўшган Қувомиддин Амир Котиб Иқоний тарихимизда муносиб ўрин эгаллаган. Ўз даври (ХІІІ аср)да Боғдод шаҳрида 25 йил қозилик қилган, фикҳ илми асосчиларидан бири, Қуръон тафсирини биринчи бўлиб туркий тилга ўгирган, Қоҳирада муҳташам мадраса қурилишида ташаббускор бўлган ва илм даргоҳларида умрининг охиригача устозлик қилган Абу Ҳанифа тахаллусли Амир Котиб Иқонийнинг илм-фан тараққиётидаги хизмати, яратган асарлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Унинг “Ғойат ал-баён фи шарҳ ал-Худойа”, “Рисола-фир рафъ ал-йад”, “Рисола раддат ал-бидаъ”, “Ат-Табйин – шарҳ ал-Ҳусамий”, “Ал-лаъ олий алқ Масуна” каби асарлари бизгача етиб келган. Лондон, Қоҳира, Искандария каби қирққа яқин кутубхонада аллома бобомизнинг илмий асарлари сақланмоқда. Улардан бор йўғи ўн иккитасининг нусхаси қозоқ ва ўзбек тилларига таржима қилинди.
Умуман, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Миср каби дунё ҳамжамиятида мустаҳкам ўринга эга давлатларда барқарорликни таъминлаш, тинчликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик фазилатининг умумжамият қадриятига айланишида Қоҳира халқаро илмий-амалий анжумани муҳим аҳамият касб этди.
Бекзод Абдиримов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:

– Қадим тамаддунлар бешиги – Миср дунё илм-фани, маърифатига беқиёс ҳисса қўшган. Туркистон фарзандлари Имом Ал-Бухорий, Аҳмад Ал-Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Сайфи Саройи сингари муҳаддис, олим ва ижодкорларнинг бутун дунёни ҳамон ҳайратга солаётган улкан илмий кашфиётлари, бебаҳо асарлари айнан шу заминида яратилган.
Қайд этиш керак, Мисрдаги бой манба, нодир қўлёзма ва тарихий ёдгорликлар Туркистон заминидан етишиб чиққан улкан шахслар илмий мероси юзасидан изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар учун беқиёс манба ҳисобланади. Ота-боболаримиз қўлёзмалари бу ерда эҳтиёткорлик билан сақланган, баъзилари эса ҳануз ўрганилмаган ҳолда кутубхоналарда тадқиқотчиларни кутмоқда.
Эътиборли жиҳати, бугунги кундаги эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Ал-Фарғоний каби буюк алломалар мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламида янада кенг тадқиқ этиляпти.
Шу нуқтаи назардан Миср заминида бўлиш биз учун фақат саёҳат ёки маданий сафар эмас, балки тарихимиз, илмий меросимиз билан юзма-юз келиш, улуғ алломаларга нисбатан ҳурмат-эҳтиромимизни яна бир бор ифода этиш имкониятидир. Бундай тадбирлар нафақат билимимизни бойитади, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик риштасини ҳам мустаҳкамлайди.
Элёр Муродов, “Илм ва фан” нашриёти директори:

– Бундай анжуманлар мамлакатлараро якдиллик, Ўзбекистон, Қозоғистон, Миср халқлари ўртасидаги кўп асрлик ҳамкорликни кучайтиради. Асрлар давомида юзага келган тарихий-маданий мерос ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва халқларимизнинг умумий тарихий хотирасига асосланган эзгулик ва миллий қадриятлар маконини шакллантириш имкониятини яратади.
Мазкур йиғин доирасида тарихчи олимлар Бекзод Абдиримов ва Ғуломжон Отажоновларнинг ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган “Сайфиддин Қутуз – сўнгги зарба” китоби, Гавҳар Матёқубова, Ҳулкар Ҳамроеванинг Мисрда инглиз ва араб тилларида нашр қилинган “Хоразм “Лазги” рақси – фалсафий-эстетик ҳодиса”, “Хоразм рақс мактаби: тарихи ва тадқиқи” монографиялари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Айниқса, “Сайфиддин Қутуз – сўнгги зарба” китобини нашрга тайёрлаш жараёнида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш баробарида уларнинг хотираси олдидаги масъулият, қарздорлик туйғуси қанчалар улканлигини қайта-қайта ҳис қилдик. Мазкур анжуман доирасида ўтган тадбирлар маънавий, сиёсий, иқтисодий қудрати ошиб бораётган Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида бутунлай янги давр бошланганини кўрсатади. Қоҳиралик таниқли ижодкор Тагрид хоним китобни араб тилига таржима қилиш истагини билдирди. Демак, ўзаро ҳамкорлик, илмий-маданий алоқалар мустаҳкамланиб бораверади.
Асрор Аллаёров, “Femida” газетаси бош муҳаррири, таржимон:

– Бундай анжуманларни тез-тез уюштириш, юқори савияда ўтказиш орқали мамлакатлараро тадқиқотчи, ёзувчи, журналист, санъаткор ва жамоат арбоблари бирлашадиган мулоқот майдони қамрови янада кенгаяди.
Аслида инсониятнинг умумий тарихи миллий қадриятлар силсиласидан иборат бўлиб, дунё ҳамжамиятида дўстлик туйғусининг тарихий фалсафийлик, юксак маданият ва ахлоқ даражалари билан уйғунлашган замонавий шакли вужудга келмоқда.
Зеро, асрлар синовидан ўтган дўстона муносабат ҳар бир ривожланаётган мамлакат яхлит маданияти ва маънавияти тараққиётига улкан ижобий таъсир кўрсатади.
Бугунги халқаро форум Марказий Осиё давлатлари ва Миср ижтимоий- маданий барқарорлигини мустаҳкамлаб, олим ва ижодкорлар тинч, якдил муҳитда ўзаро ҳамкорлик қилиши учун маънавий-маърифий замин яратади.
Ҳулкар Ҳамроева,
филология фанлари доктори, профессор
ЎзА