Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида давом этаётган "Grand Chess Tour" тизимидаги навбатдаги “Rapid & Blitz Croatia” турнирининг ортда қолган 6 та тур ўйинларидан кейин жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммараджу 10 очко тўплаган ҳолда якка пешқадамга айланиб олди.
Кеча мукофот жамғармаси 175 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг 4, 5 ва 6-тур ўйинларида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 1 та дуранг, 2 та мағлубият ҳолатини қайд этди.

4-турда Нодирбек оқ доналарда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджуга имкониятни бой бериб қўйди. 5-турда америкалик Уэсли Со билан дурангга эришган Абдусатторов 6-турда унинг ҳамюрти Фабиано Каруанага оқ доналар очко тақдим этди.

Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу 5-турда оқ доналарда Фабиано Каруанани, 6-турда қора доналарда Магнус Карлсенни мағлубиятга учратиши турнирнинг энг шов-шувли натижаси сифатида эътироф этилди.

Бугун, 4 июль куни рапид йўналишида 7, 8 ва 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Нодирбек Абдусатторов 7-турда қора доналарда польшалик Ян-Кшиштоф Дуда билан, 8-турда оқ доналарда Магнус Карлсен билан, 9-турда қора доналарда Франция вакили Алиреза Фирузджа билан куч синашади.
“Rapid & Blitz Croatia” турнири мусобақалари 6 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА