Муносабат
Озарбайжон – мамлакатимизнинг Жанубий Кавказдаги стратегик ҳамкори ва қардош давлат ҳисобланади. Ўзбекистон ва Озарбайжон қадимий ва янги тарихда ҳамиша яқин ҳамкорлик олиб борган бўлиб, дўстона муносабатларни сақлаб келмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари орасида Озарбайжоннинг алоҳида ўрни бор. Жумладан, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи сўнгги 30 йилликдаги икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.

Боку шаҳридаги “Загулба” қароргоҳида ўтказилган тор доирадаги учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси геосиёсий манзарасида муҳим воқелик сифатида қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев “муносабатларимиз тарихда ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада бўлмаган” деб таъкидлар экан, бу сўзлар орқасида икки давлат ўртасида сўнгги йиллардаги сиёсий ишонч, муштарак қадриятлар ва стратегик мақсадларнинг амалий асоси намоён бўлмоқда. Бу галги учрашувнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллиги арафасида ўтмоқда.
Ташриф доирасида имзоланган ўндан зиёд ҳужжат, жумладан, 2025–2029 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”, саноат кооперацияси, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, таълим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги келишувлар ҳамкорликни фақат сиёсий эмас, балки барча жабҳаларда институционал даражага олиб чиқмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йилда Ўзбекистон – Озарбайжон Ишбилармонлар кенгаши тузилди. Мазкур платформа ўзаро манфаатлар кесишган янги нуқталарни аниқлаш ва инвестиция, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган истиқболдаги биргаликдаги ҳаракатларни аниқлаб олиш имконини бермоқда.
2023 йилда икки давлатдаги энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон – Озарбайжон қўшма инвестиция компанияси ташкил этилди. Ҳозирда Озарбайжон капитали иштирокида савдо, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, молия ва суғурта, кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар, энергетика, хизмат кўрсатиш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва бошқа йўналишларда 300 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
Сўнгги йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йигирма беш фоизга ўсиб, бир миллиард долларлик кўрсаткичга яқинлашди. Инвестиция лойиҳаларининг умумий портфели тўрт миллиард долларга етган. Бу рақамлар оддий статистика эмас – улар ортида янги иш ўринлари, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт салоҳияти ва рақобатбардош маҳсулотлар ётибди.
Ўзбекистон юкларининг Озарбайжон орқали Европага чиқиши – геосиёсий ўзгаришлар фонида алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантиришга оид келишувлар, жумладан, “Ўрта йўлак” лойиҳаси доирасида юк ташиш ҳажми 25 фоизга ошди. Бу – нафақат икки давлат, балки Хитой, Грузия ва Туркияни қамраб олган кенг минтақавий ҳамкорлик тизмасига асос солиш демакдир.
Етакчилар иштирокидаги музокараларда Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича қўшма “яшил лойиҳа”ни жадаллаштиришга келишиб олинди. Бу нафақат иқтисодий, балки экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Бугун дунё “яшил иқтисодиёт” сари интилаётган пайтда, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бу соҳадаги ҳамкорлиги барқарор энергетика келажагини шакллантириши мумкин.
Ташриф доирасида Боку шаҳрида “Ўзбекистон” боғига тамал тоши қўйилди. Бу боғ – 4,5 гектар майдонда Ўзбекистоннинг миллий меъморчилик анъаналари, маданияти ва анъаналарини намоён этувчи маданий мажмуа сифатида қурилади. Бу рамзий жиҳатга эга лойиҳа нафақат сайёҳлар учун, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик тимсоли сифатида ҳам аҳамиятли.
Президентлар Хонкенди шаҳридаги қўшма тикувчилик фабрикаси фаолияти билан танишдилар. 6,2 миллион долларлик лойиҳа доирасида 800 та иш ўрни яратилади. Бундай лойиҳалар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги серқирра ва самарали алоқалар бугунги кунда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш йўлини ишонч билан давом эттириш имконини берувчи мустаҳкам пойдеворга эга. Ўзбекистон етакчисининг Озарбайжонга ташрифи ва олий даражадаги музокаралар ушбу жараёнга қўшимча суръат бағишлаши баробарида, икки томонлама муносабатларни янги ва юқори иттифоқчилик даражасига кўтаришга хизмат қилади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА