Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига асосан айни кунда Озарбайжон Республикасида бўлиб турибди.
Президентимизнинг Озарбайжонга сафари шубҳасиз, ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги асрлар оша давом этиб келаётган дўстлик, қардошлик, яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Очиқ айтиш керак, ташрифнинг ўзидаёқ икки давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қатор тадбирларнинг бўлиб ўтганлиги халқларимизнинг бир-бирига яқин, мақсад ва интилишлари муштарак, ишончли иттифоқчи ва стратегик шерик эканлигини кўрсатади. Хусусан, давлат ташрифи доирасида давлат раҳбарлари иштирокида мамлакатимизнинг Боку шаҳридаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Боку шаҳрининг "Оқ шаҳар" мавзесида "Ўзбекистон" боғини барпо этишга тамал тоши қўйилди.
Шунингдек, ҳамкорлик бўйича музокаралар, Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишининг муҳим қарорлари қабул қилинди. Айниқса, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025-2029 йилларда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси", Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Тошкент вилояти ва Сумгаит шаҳри, Навоий ва Габала шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги келишувлар, Кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома сингари ўнлаб ҳужжатларнинг имзоланганлиги, шунингдек, Биринчи Парламентлараро форум, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор маданий тадбирларнинг ўтказилганлиги давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу ўринда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб ва мустаҳкамланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, яқинда университетимиз, яъни Андижон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон – Озарбайжон: олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида бўлиб ўтган Ўзбекистон –Озарбайжон олий таълим муассасалари ректорлари I форуми фикримга бир мисолдир.
Мазкур форумда Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича 50 дан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланди.
Биргина бизнинг университетимиз форумда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ривожлантириш, уларнинг малака ва тажрибасини ошириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, технопарклар ташкил этиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда академик алмашинув жараёнларини йўлга қўйиш бўйича Озарбайжоннинг нуфузли олий таълим муассасалари – Озарбайжон технология университети, Боку давлат университети, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети, Нахчиван давлат университети, Озарбайжон техника университети ҳамда Сумгаит давлат университети билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Озарбайжон Республикасига сафари, сафар давомида эришилган келишувлар бошқа соҳалар қатори икки давлат олий таълим муассасалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, аввал эришилган шартнома ва келишувлар доирасидаги ишларни самарали амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Бахтиёржон АКБАРАЛИЕВ,
Андижон давлат университети ректори.
ЎзА