Тошкент шаҳридаги Олой бозори марказий майдонида дунёдаги энг машҳур саёҳат журналларидан бирининг тақдимоти бўлди.
Гап “Travel + Leisure” журналининг минтақавий сони – “Travel + Leisure Central Asia” ҳақида бормоқда.
Журнал деярли 90 йил давомида ўқувчиларни янги кашфиётларга илҳомлантириб келаётган нуфузли Америка нашри саналади. Тўплам Марказий Осиёнинг саёҳат, маданият, гастрономия ва минтақа аҳолисининг турмуш тарзи билан таништириб борувчи биринчи ихтисослашган нашрдир.
Асосий мақсад – бутун дунёга минтақамизнинг бой мероси ва салоҳиятини кўрсатиш, Марказий Осиёнинг нақадар жозибадорлигини тажрибали саёҳатчилар, тадқиқотчилар ва унутилмас таассуротларга чанқоқ инсонларга кенгроқ очиб беришдир.

Журнал Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистондан ташқари АҚШда ҳам тарқатилади. Келгусида эса Европа мамлакатларида ҳам чиқиши режалаштирилган.
– “Travel + Leisure”нинг минтақавий сонини яратиш ғояси Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва имкониятларини очиб бериш, шунингдек, Марказий Осиёга сайёҳлар оқимини ошириш стратегиясини қўллаб-қувватлаш истагидан пайдо бўлди, – деди журналнинг минтақавий сони асосчиси Бекзод Ҳамзаев. – Ишончим комилки, бу нашр минтақанинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади ва ҳар бир ўқувчи учун фойда келтиради.
Очилиш маросимида журнал бутун дунё саёҳатчилари аудиториясига минтақамизни глобал туризмнинг мукаммал йўналиши сифатида янги қирраларини намоён этиши қайд этилди.
1937 йилдан буён Нью-Йоркда нашр этиладиган журнал эксклюзив репортажлар, таклиф ва ташаббуслар, ноёб масканлар ҳақидаги эксперт таҳлилларини тақдим этиб боради.
Эслатиб ўтиш керак, нашрнинг рақамли шаклини ҳар ойда 16 миллион 500 минг киши ўқийди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА