Хива шаҳрида “Янги имкониятлар сари: мулоқотдан биргаликдаги ҳаракатларгача” шиори остида ташкил этилган Биринчи Ўзбекистон - Озарбайжон парламентлараро форуми юқори савияда, кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Тарихи муштарак, тили ва дили бир-бирига яқин икки мамлакатнинг халқ вакилларини бир жойга жамлаган нуфузли анжуманда хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маъруфова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Форум доирасида икки мамлакат парламентлари вакиллари ўртасида кечган мулоқотларда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича долзарб фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳими, шу йўналишларда амалга ошириладиган ишларни қамраб олган муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Парламентлараро ҳамкорликнинг асосий тамойил ва устувор йўналишларини акс эттирувчи Хива декларацияси, 2025–2026 йилларга мўлжалланган Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (“йўл харитаси”), Парламентлараро комиссия регламенти шулар жумласидандир.
Шу ўринда форумда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари эътибор марказида бўлганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Шу масалага бағишланган алоҳида учрашувда икки мамлакат парламент аъзолари ўзаро тажриба алмашди, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди.
Учрашувда мамлакатимизда гендер тенглиги, оилавий зўравонликка қарши курашиш, аёллар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Озарбайжон Миллий Мажлиси аъзоси Танзила Рустамхонли Ўзбекистон тажрибасини эътироф этиб, парламент даражасидаги алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига чиқди. Давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси билан шаклланган бу алоқалар савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида фаол ривожланмоқда. Айниқса, парламентлараро алоқалар икки халқ ўртасидаги дўстликни чуқурлаштиришда муҳим воситага айланди.
Форумдан кўзланган мақсад ҳам шу бўлиб, ўзаро мулоқотлар давомида икки томонлама қонунчиликни уйғунлаштириш, парламент назоратини кучайтириш, ҳудудий кенгашлар ва муниципалитетлар ўртасида ҳамкорлик платформаларини йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасида хотин-қизлар ва ёшларга оид қонунчилик бўйича тажриба алмашиш ва ушбу йўналишда қўшма ташаббусларни давом эттиришга келишиб олинди.
“Жамият ва давлат тараққиётида хотин-қизлар ва ёшлар овози: парламент истиқболи” мавзусида бўлиб ўтган 6-панель сессияда аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, уларни қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш ҳамда икки давлат парламентлари ўртасида тажриба алмашинувини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Сессия доирасида парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларни зўравонлик ва камситишдан ҳимоя қилиш, касбий ва оилавий ҳаёт мувозанатини таъминловчи қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, STEM, IT ҳамда инновацион соҳаларда имкониятларини кенгайтириш ва улар учун хавфсиз, инклюзив ҳамда барқарор ижтимоий муҳит яратиш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Хива форуми мулоқотга бой, самарали ва очиқ руҳда ўтди. Бу нуфузли анжуман парламент дипломатиясининг юксак намунаси ва муҳим босқичи сифатида тарихга муҳрланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА