Жорий йилда Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига чиқинди ташиш хизмати бўйича фуқаролардан кўплаб норозилик мурожаатлари келиб тушди.
Сўнгги текширувлар давомида чиқинди ташиш хизмати учун аҳолидан ортиқча пул ундирилгани маълум бўлди. Жами 2 миллиард сўмга яқин маблағ ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳолат кўплаб фуқароларда эътирозларга сабаб бўлди. Ҳозирда масъул идоралар томонидан ушбу маблағни қайтариш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Фарғона вилоятининг Қува туманидан тушган ўндан ортиқ мурожаатлар таҳлил қилинганда, хонадондан чиқинди ташиб кетилмаётгани, аҳолининг аниқ сонига мос равишда тўлов белгиланмаслиги ва хизматларнинг белгиланган графикда кўрсатилмаслиги ҳолатлари аниқланди. Мисол учун, 2 нафар фуқаро истиқомат қилаётган хонадондан чиқинди ташиб кетилмаган ва бундан ташқари, ҳисоб-китобда 5 киши учун ҳақ ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги қарори билан тасдиқланган қоидага асосан хизмат кўрсатувчи ташкилот маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг тартиби ва тарифларининг ўзгарганлиги тўғрисида ушбу тарифлар кучга киришидан ўн беш кун аввал хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг стендида, эълонлар тахтасида эълонлар осиш йўли билан, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали истеъмолчини хабардор қилишга мажбурлиги белгиланган.
Бироқ “Tozalik Sanitar Servis” МЧЖ томонидан янги тарифлар аҳолига ўз вақтида эълон қилинмаган ҳолда қўлланилганлиги туфайли 2024–2025 йиллар мобайнида Қува туман филиали томонидан юқори тариф қўлланилиши натижасида 264 миллион сўмдан ортиқ, Фарғона шаҳар филиали томонидан 17 миллион сўмга яқин маблағлар ортиқча ҳисобланганлиги аниқланди.
Шунингдек, Қува туманидаги Байналминал, Жалаер, Ифтихор, Катта Қашқар, Мустақиллик, Намуна, Суфи МФЙларига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли қарор талаблари асосида хизмат кўрсатилмаганлиги натижасида 1,7 миллиард сўмдан зиёд ортиқча маблағ ҳисобланганлиги маълум бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фарғона вилоятида бугунги кунда чиқиндиларни ташиш хизматидан аҳолидан жами 2 миллиард сўмдан ортиқ ҳақ ундирилганлиги аломатлари мавжудлиги аниқланиб, асоссиз ундирилган маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилган.
Зеро, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш — ҳар қандай хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг биринчи вазифаси. Асоссиз ундирилган маблағларни қайтариш эса адолатни тиклаш йўлида муҳим қадамдир. Бу каби чоралар аҳолининг давлатга, тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Н.Раҳмонова, ЎзА