Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидлаш керак, ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни таъминлашга тўсқинлик қилувчи, коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлувчи айрим нормаларни чиқариб ташлаш, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келяпти.
Шундан келиб чиқиб, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунни “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш мақсадида акцияларни акциядорлик жамияти билан бир қаторда акциядорлар ҳам имтиёзли ҳуқуқ асосида (тўғридан-тўғри) сотиб олиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, йиғимларни жорий этиш тартиби фақат қонунларда белгиланиши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш ваколати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунга амалдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини олиб келишни ташкил этиш харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг таклифларидан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ўрмон фонди ерларини онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ фақатгина ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларига нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
“Расмий статистика соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларининг максимал даражада очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу жумладан, иқтисодиёт соҳаларининг ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ташкил этилиши расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштириш жараёнида статистика органларининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўз навбатида, расмий статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг нормаларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан 2 та кодекс ва 10 га яқин қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси расмий статистика соҳасида маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Н.Насриев,
ЎзА