Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида барпо этилган “Эко бозор” аҳолининг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқарди, десак муболаға бўлмайди. Гап шундаки, туманда фаолият юритган аввалги бозор бугунги кун талабларига умуман жавоб бермасди.
Янги бозорнинг очилгани туман аҳолиси учун ҳақиқий байрам бўлди. Эндиликда маҳаллий деҳқонлар ўз маҳсулотларини “Эко бозор” орқали тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етказиш имконига эга. Бу сифат ва нарх жиҳатидан одамларга маъқул бўлмоқда. Бозорда 640 та иш ўрни яратилган.
[gallery-24110]
“Янги Ўзбекистон” массивининг ёнгинасида қарийб бир гектар майдонда барпо этилган мазкур уч қаватли савдо мажмуасида сотувчи ва харидор учун барча шароитлар бор. Биринчи қаватда асосан деҳқончилик маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Жазирама иссиқ бўлишига қарамай павильонда салқинлик таъминланган. Бундан сотувчи ва харидорлар жуда мамнун.
– Бозорда сотувчиман, – дейди Нигора Аҳмадова. – Барча имкониятлар яратилган. Маҳсулотларимизни қийналмай сотяпмиз. Яқинда Президентимиз ҳам бозоримизга ташриф буюрди. Мен ҳам у киши билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Кайфиятимни сўради. Бу мен учун жуда катта мотивация бўлди. Мақташ эмас, шароитларимиз ҳақиқатдан яхши. Чекка бир ҳудудда мана шундай муҳташам савдо мажмуасининг қурилиши биз яккабоғликларга ғурур бағишлайди. Албатта бунинг ортида давлатимиз раҳбарининг эзгу ислоҳотлари, тадбиркорларга яратиб бераётган имкониятлари ётибди.
Мажмуанинг иккинчи қаватидан кийим-кечак дўконлари жой олган. Учинчи қаватда эса ўйингоҳлар ва умумий овқатланиш нуқталари ташкил этилган. Мажмуада яратилган шароитлардан аҳоли жуда мамнун.
– Бугун фарзандларим билан ушбу савдо мажмуасига айлангани келдик, – дейди Сарвиноз Мусурмонова. – Маза қилиб айландик. Энг муҳими болаларни ўйингоҳга қўйиб, дўконларни, бозорни бемалол томоша қилдим. Ҳам болалар мириқиб ўйнади, ҳам савдо-сотиқ ишларим битди. Энди овқатланишга кетяпмиз. Ҳаммаси мажмуанинг ичида. Чекка туманимизда шундай замонавий савдо мажмуасининг қурилганидан хурсанд бўлдик.
– Ўтган йили фаолият бошлаганмиз. – дейди “Eko sity”савдо мажмуаси масъулларидан бири Улуғбек Халилов. – Бир вақтнинг ўзига 2,5 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Деҳқон бозорида 400 дан зиёд савдо расталари ва 28 та савдо дўкони мавжуд. Иккинчи қаватдаги 105 та кийим-кечак дўконларида 128 та тадбиркор фаолият юритмоқда. Учинчи қаватда 3 та ошхона бор. Нарх-навоси бир маромда. Давлатимиз раҳбари мажмуамизга ташрифи чоғида самимий фикрларини билдириб, тармоқни янада ривожлантириш учун ўз тавсияларини берди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби йирик лойиҳаларнинг чекка туманларда барпо этилиши ва у ерда замонавий шароитларнинг яратилиши энг аввало аҳолининг турмуш фаровонлиги оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари