Қадимий ва гўзал Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми бўлиб ўтмоқда.
“Янги имкониятлар сари: мулоқотдан ҳамкорликдаги ҳаракатларгача” мавзусида ўтаётган нуфузли анжуман икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, парламентлараро мулоқотни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ўтказилаётган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси аъзолари ҳамда икки мамлакатнинг ёшлар парламентлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми – бу нафақат тарихий воқелик, балки икки давлат парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқувчи муҳим платформа эканини эътироф этди. Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва Парламентлараро комиссия ташкил этиш орқали икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур. Ушбу форум Ўзбекистон ташқи сиёсати очиқлик, дўстлик ва барқарор тараққиётга йўналтирилганининг яна бир ёрқин далилидир.

Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродасига асосланган, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарликка таянган парламентлараро форматда ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилаётганини таъкидлади. Парламентларимиз янги форматда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга туртки беради. Қонунчилик, бизнес ва иқтисодиёт чорраҳасида турган мавзу – кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатларимиздаги сармоявий муҳитни яхшилаш. Бу, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликка ҳам бевосита дахлдор масалалардир. Бу масалаларни ҳал этиш эса парламентлар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири.
Форумда дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш, уларни парламентлараро комиссиялар даражасига олиб чиқиш, қўшма қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли трансформация ва экология каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, ҳудудий вакиллик органлари ўртасида тажриба алмашиш механизмини жорий этиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий, иқтисодий ривожланишдаги турли ёндашувларнинг самарадорлигини ошириш учун муҳим қадам ҳисобланади. Бу ташаббус маҳаллий даражадаги қонунчилик органлари орасида билим ва тажриба алмашишга, муаммоларни ҳал қилишда янгича қарашлар ва ишлаш усулларини татбиқ этишга имкон беради. Натижада ҳар бир ҳудудда ижобий ўзгаришлар яратиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Форум доирасида ўтказиладиган панель сессиялар ҳам шунга қаратилган. Улар орасида парламентлар роли, қонун ижросини назорат қилиш, бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, рақамли ислоҳотлар, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқалар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни каби мавзулар кенг муҳокама этилади.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат),
ЎзА