Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ташкил этилган халқаро семинар якунида 27 нафар маҳаллий мураббий Бутунжаҳон камондан отиш федерациясининг махсус сертификатлари билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ишларини тизимли ташкиллаштириш, буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган камондан отиш анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, камондан отиш спорт тури бўйича миллий терма жамоамизнинг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлашда малакали мураббий-мутахассисларнинг алоҳида ўрни бор.

Мазкур вазифалар мундарижасидан келиб чиқиб, малакали мураббий-мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг касбий билимларини юксалтириш, ўқув-машғулотлар жараёнига илғор илмий-инновацион технологияларни кенг жорий қилиш мақсадида Миллий олимпия қўмитасининг Бутунжаҳон камондан отиш федерацияси билан ўрнатган ҳамкорлиги асосида камондан отиш бўйича ўзбекистонлик мураббийлар учун семинар машғулотлари ташкил этилди.

Машғулотларни Бутунжаҳон камондан отиш федерацияси эксперти, украиналик мутахассис Виктория Ковал олиб борди.
Машғулотлар жараёнида Ковал спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлашнинг илғор ёндашувлари, замонавий методикаси ҳамда техник-тактик жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Амалий ва назарий машғулотлардан иборат семинар якунида бир гуруҳ ўзбекистонлик мураббийларга “Олимпия бирдамлиги” дастури ва World Archery томонидан юборилган сертификатлар топширилди.
Семинар машғулотларини олиб борган Бутунжаҳон камондан отиш федерацияси эксперти Виктория Ковал Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг “Халқаро ҳамкорлиги учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА