Ўзбекистонда миллий спорт ўйинлари билан бир қаторда анъанавий спорт мусобақаларига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада ютуқлар қўлга киритилаётганини кўриб турибмиз.
Крикет Ўзбекистонда спортнинг янги тури ҳисобланади. 2019 йилда Ўзбекистонда Крикет федерацияcи давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Мазкур ташкилотнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда крикет спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш, унинг мавқеини ҳар томонлама ошириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат. Ёшларни мазкур спорт турига кенг жалб этиш учун федерация томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида крикет жамоалари фаолият олиб боради.

Ўзбекистон крикет федерацияси мамлакатимизда ушбу спорт турини кенг ривожлантириш учун халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 2021 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон крикет федерацияси ва Покистон крикет кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга мувофиқ, Покистон крикет кенгаши томонидан мазкур спорт тури бўйича Ўзбекистонда ўқув-таълим ишлари амалга оширилади. Бунда асосан мураббийлар ва крикетчилар маҳоратини ошириш учун ўқув-машғулотлари олиб борилади. Шунингдек, Ўзбекистон крикет федерацияси ва Покистон крикет кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган ва ҳар икки ташкилот ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш борасида ҳам келишувга эришилган. Махсус дастурга мувофиқ, Покистон крикет кенгаши томонидан Ўзбекистонга покистонлик мутахассислар юборилади ва улар томонидан босқичма-босқич ҳакамлик ва мураббийлик курслари, турли даражадаги амалий ва назарий ўқув-йиғинлар ўтказилади. Бундан ташқари, Покистоннинг Лахор шаҳридаги Крикет миллий маҳорат марказида турли ёшдаги жамоалар учун ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилади.
Кеча Покистоннинг Тошкентдаги элчихонасида Ўзбекистон крикет клубининг Покистондаги ўқув йиғинига жўнаб кетишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмед Фаруқ ўзбек крикет клубининг Лахордаги машҳур жамоада ўтадиган ўқув машғулотларида иштирок этиши икки томонлама алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.
Крикет XVII асрда Шимолий Америка, Ҳиндистон, Австралия, Янги Зеландия ва Жанубий Африка давлатларига кириб борган. Ҳозирда крикет айниқса, Жанубий Африка, Ҳиндистон, Покистон, Шри-Ланка, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Афғонистон, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия каби кўплаб давлатларда жуда ҳам машҳурдир.
Покистон 1947 йилда мустақилликни қўлга киритиши биланоқ барча давлат тузилмалари қаторида спорт ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу жараённинг тезлашишида Буюк Британиядан қолган мустаҳкам инфраструктура муҳим омил бўлганини тан олиш керак. Спортнинг крикет йўналишига профессионаллар ҳам, ҳаваскорлар ҳам жиддий қизиққани боис миллий ассолциация ташкил қилишнинг юридик жараёнлари мураккаб бўлмади.
1949 йилнинг 1 май куни Покистон крикет Кенгаши ташкил топди. Ўша куни Кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди.
1952 йилнинг 28 июль куни Покистон International Cricket Council тўлақонли аъзоси бўлди. Шу тариқа олий даражадаги халқаро мусобақаларда (Test) иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Покистон терма жамоасининг Test доирасидаги илк ўйинлари 1952 йилнинг октябрида бўлиб ўтди.
Покистон крикет кенгаши нафақат ҳалқаро даражадаги (Test, ODI ва Twenty20), балки миллий чемпионатларни ҳам ўтказиш учун маъсул.
Покистон миллий жамоаси мунтазам равишда Champions Trophy ва Asian Cup да иштирок этиб келади, Austral-Asia Cup ва Asian Test Championship мусобақаларида қатнашади. Бу мусобақаларда бир неча бор зафар қучган.
Покистонда крикет шунчаки спорт тури эмас, балки бирлаштирувчи кучдир.
Шарофиддин Тўлаганов