Мулоҳаза

Сир эмас, бугунги иқтисодий салоҳиятимиз ривожида ёшларнинг ўрни юқори эканлиги эътироф этилмоқда. Бунинг замирида аслида аждодларга хос илму маърифатга, меҳнатга ошуфталик ётади. Қайсики киши навқиронлигини айни шундай ҳаракат билан бошласа, шубҳасиз, у жамиятни, Ватанни севиб, унга нафи тега бошлайди. Улуғ аллома Абдулла Авлоний меҳнатсиз яшашни барча ёмон сифатларнинг ибтидоси деб ҳисоблайди. Шунинг учун у меҳнатни улуғлайди ва “меҳнат кишининг энг гўзал фазилатидир”, дейди.

Айни чоғда ёшлар қачон ва нимадан руҳ олиб, ўз келажагини порлоқ, умидлари маррасини кенг олади, деган савол туғилиши мумкин. Шубҳасиз, уни қадрлаган юрти, фаровон жамияти ҳамда давлат раҳбарининг ишончи ва қўллаб-қувватлови бўлсагина, бардам ва бардавом қадам босади. 30 июнь куни мамлакатимизда Ёшлар куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди ҳамда бир гуруҳ йигит-қизларга давлат мукофотларини топширди.

Ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг инновация, “яшил“ иқтисодиёт, креатив саноат, тадбиркорлик ва IT соҳаларидаги илғор ишланмалари ва ютуқлари билан танишди. Бунинг замирида ички ва халқаро сиёсатимизнинг муҳим асоси сифатида бугун ҳам, келажакда ҳам ёшларга суянишимиз акс этади. Буни ёшлар билан учрашувда давлатимиз раҳбарининг: “Катта-катта давлатлар, дунёнинг энг нуфузли компаниялари бугун бизга нега ишонмоқда? Нега миллиардлаб доллар инвестиция киритмоқда? Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки, ҳамкорларимиз ёшларимизнинг илм-фан, таълим, IT, маданият, санъат ва спортдаги ютуқларини кўриб, салоҳиятимизга баҳо бермоқда, эртанги кунимиз пойдевори мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилмоқда”, деган сўзларидан англаш мумкин.

Билдирилаётган ишончлар самарасини шунчаки сўзлар билан эмас, рақамлар билан келтириш мумкин бўлса, эътироф этиш ўринлики, Ўзбекистон ёшлари топ-500 олийгоҳларга киришда Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади, 30 нафар ёш дунёнинг топ-10, 500 нафари топ-100, 1 500 нафари топ-300 университетларда ўқиётгани ҳам бир мисол. 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олгани ҳам ёшлар шижоатидан далолат эмасми? Ўтган йилнинг 6 ойида ёшларимизнинг салоҳияти билан халқаро фан олимпиадаларида 166 та медаль қўлга киритилди. Бугунги кунга келиб ҳар йили 3 000 нафар салоҳиятли ўқувчи дунёнинг нуфузли университетларига тайёрланмоқда. 

Бу рақамлар исботини узоқдан эмас, замонавий дунё билан ҳамоҳанг юришга интилаётган фарзандларимиздан, ёшлигидан бошини китобдан кўтармай ўқиган қўшнимизнинг боласи эришаётган ютуқлардан ва ёки дунёнинг энг юқори рейтингли олийгоҳларига иккиланмай тайёргарлик кўраётган ёшлар нигоҳидан англаш мумкин. 

Президент ёшларимизни аждодларга, уларнинг дунёга намоён этган салоҳиятига муносиб йўл тутишига ишонмоқда. Ёшлар билан учрашувда таъкидланганидек, “Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда. Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда”.

Чорловлар қаердан қандай мақсадлар билан амалга оширилишини билмадигу, аммо юрт равнақи учун қилинган даъват ортида фақатгина саодатга, фаровонликка ундаш ётади. Шу маънода ҳар бир ёш ўзига савол бера олиши зарур бўлган даврни бошдан кечиряпмиз. 

“Мен қандай мақсад билан яшаяпман ва қандай мақсад билан яшасам, юртга, ота-онамга, яқинларимга нафим тегади?” Мана шу риторик савол шубҳасиз, ўзини жиддий мақсадларга бағишлаган ёшларни олға қадамларга ундайди. 

Бугун юртимизда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудини намунали қилган ёшларимиз бисёр. Маълумотларга кўра, ҳудудларда ёш тадбиркорлар ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган. 

Бу борада илгари Тошкент шаҳри якка пешқадамлик қилган бўлса, бугунга келиб Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари пойтахтдан қолишмаяпти.

Дарҳақиқат, шижоатга бўлган ундов, натижага муносиб рағбат мана шундай натижани қайд этаверади. Бугунги ёшлар натижа учун шунчаки таваккал қилмайди, аввал илмини эгаллайди, кўникмасини шакллантиради, керак бўлса, аниқ ҳисоб-китобларга киришади. 

Президент таъкидлаганидек: “Бир нарсани аниқ тушуниб олиш зарур. Болани ёмони бўлмайди. Уларга катталарнинг меҳри, имкониятларини намоён қилиш учун шароит, ўзига ишонч бўлиши учун мотивация керак”.

Бугун аниқ режаларга таянган ҳеч бир ёш йигит-қизнинг ташаббуси беэътибор кетмаяпти. Аксинча, уларни қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятлар яратиб бориляпти. Жумладан, жорий йил февраль ойида ўтган учрашувда ёшлар учун 40 дан зиёд янги ташаббуслар эълон қилиниб, қарийб 500 миллион доллар ажратилган. Бу йил 35 миллиард долларлик 8 минг 300 та лойиҳа ишга туширилиб, 292 мингта иш ўрни яратилиши қайд этилмоқда. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган. 

Масалан, энергетикада 20 миллиард, нефть-газ ва кимёда 11 миллиард, тоғ-конда 7 миллиард, электротехника ва автомобилсозликда 4,5 миллиард долларлик минглаб корхоналар ишга тушади. Энди фикр юритиб кўрайлик, мана шундай юксак лойиҳалар фаолиятига замонавий билимларни пухта эгаллаган ёшларнинг иштирокисиз киришиб бўладими? Йўқ, албатта!

Ҳозирда юртимизда тоғ-кон, агросаноат, тўқимачилик, кимё, электротехника, қурилиш материаллари соҳасида 1 миллион ёшлар меҳнат қилмоқда. Энди саноат, сервис, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигида банд ёшларнинг касбий ривожланиши бўйича ҳам тизим яратилиши қайд этилмоқда. 

Президент “Креатив иқтисодиёт”, “Рақамли яшил ташаббуслар”, “Ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар” ва “Ёш инноваторлар” майдончаларидаги ўғил-қизлар билан мулоқот қилиб, ҳозирги ёшлар Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорлари эканига яна бир бор амин бўлганини таъкидлади. Юртнинг мавқеини юксалтиришда ёшларнинг истеъдоди нақадар муҳимлигини аждодларимиз бежиз айтишмаган. Жумладан, Абу Наср Форобий касб-ҳунар аҳлининг ахлоқий фазилатлари тўғрисида фикр юритар экан, касб-ҳунарни эгаллаш ва камолотга эришишга ўз ихтиёрича ҳавас билан интилган кишилар ҳақиқий фазилат эгалари ва ҳақиқий санъат эгаларидир, улар амалий иш билан шуғулланувчи, касб-ҳунарга берилган кишилардир, дейди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, 

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган, тарих навбатни ёшларга бермоқда