Маълумки, Ўзбекистонда давлат мактабларининг биринчи синфига қабул жорий йил 20 июндан бошланди. Кўплаб туман ва шаҳарларда жараён электрон шаклда амалга оширилмоқда. Яшаш ҳудуди бўйича қайси мактаб тўғри келишини интернет орқали билиб олиш мумкин.
Хўш, ўқувчи яшаш ҳудудига бириктирилган мактабга электрон платформа орқали онлайн қабул қилиб бўлинганидан сўнг, вазиятга қараб яна бошқа мактабга ариза бериш мумкинми?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, агар ариза мактаб томонидан қабул қилиб бўлинган бўлса, ариза сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилади. Шундан сўнг, 1 августдан бошлаб шахсий маълумотларни таҳрирлаб қайта ариза бериш мумкин. Танланган мактабдаги бўш ўринлардан келиб чиқиб, ўқувчи мазкур мактабга қабул қилинади.
Электрон платформа орқали ариза жўнатилаётганда “Яшаш манзилим топилмади” деган ёзув чиқса, ота-она ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига ёки туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига мурожаат қилиши керак. Яшаш манзил электрон платформага киритилганидан сўнг, ариза бериш мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА