Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги тоғли ҳудуднинг катта қисми Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигига қарашли. Куни кеча ўша ерда истиқомат қилувчи бир мурожаатчидан ҳудуддаги ўрмон ерларида катта ёнғин чиққани, табиатга катта зарар етаётгани хусусида видео мурожаат келиб тушди. Унда ўрмондаги қимматбаҳо Зарафшон арчаларининг ёнаётгани акс этган эди.
Ушбу лавҳада акс этган ҳолат қанчалик ҳақиқатга яқин эканига аниқлик киритиш мақсадида йўлга отландик. Маълум бўлишича, ҳолат Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигининг Сарғайота бўлими биринчи сарҳад ҳудудида юз берган.
Олис ва машаққатли тоғ йўлидан манзилга етиб келдик. Мурожаатчи Файзиддин Хушвақтов бизга йўл кўрсатиб борди. Ҳақиқатда ёнғин у ердаги кўплаб ўсимлик дунёсига жиддий зарар етказган ва каттагина ҳудудни қоплаган. Бир қарашда у ердаги манзара ўлим водийсини эслатади. Файзиддин аканинг айтишича, энг ёмони ёниб кулга айланган дарахтлар қайта кўкармайди.

– Ёнғин натижасида 200 га яқин Зарафшон арчаси ва бутасимон ўсимликлар, доривор гиёҳлар ёниб кулга айланди, – дейди Ф.Хушвақтов. – Бунга сабаб аҳоли чорвасини расмий рухсатсиз ўрмон ҳудудига боқади. Ўтов тикиб шу ерда яшайди. Таом тайёрлаш учун ўчоқ ёқади. Мана аҳвол. Масъуллар эса бунга панжа ортидан қараб келяпти.
Ёнғин шу ерлик аҳоли вакиллари томонидан ҳашар йўли билан ўчирилган. Яхшиямки одам кўплиги ҳисобига ёнғин майдони кенгаймасдан бартараф этилган, йўқса унинг зарари ниҳоятда катта бўлиши мумкин эди.
– Ёнган ҳудуднинг катта қисми захира ерлар, ўрмонга тегишли эмас, – дейди Сарғайота ўрмон бўлими ўрмон устаси Алишер Нурматов. – Ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар топганимиздан етиб келдик. Ўрмон хўжалигига тегишли 50 сотих жой ёнган, қолгани захира ерлар. Келиб аҳоли билан ўчирдик. Барча чораларни кўрдик. Тахминан 4 гектар майдон ёнган.

Шу каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилади, сўраймиз ундан.
– Ўрмон фонди ерларида ёнғинларнинг олдини олиш учун ҳар хил нуқталарга сув захирасини қиламиз, кигизлар тайёрлаб қўямиз. Чорвасини ўтлатиш мақсадида кўчиб чиққан аҳолига ҳам оловдан эҳтиёт бўлиш бўйича тушунтириш ишларини олиб борамиз, – дейди ўрмон устаси.
Масъулнинг фикрига кўра, ўрмон фонди ерлари кам зарар кўрган, асосан захира ерлардаги ўсимликлар нобуд бўлган. Лекин нима бўлганда ҳам ёнғин содир бўлган ва кўплаб ноёб ўсимликларга зарар етган. Бу айни ҳақиқат. Энг ёмони бунга шу ҳудудларда чорвасини ўтлатиб юрган аҳоли вакиллари сабабчи бўлган. Хўш, буни жавобгарлиги қандай бўлади? Ёниб кулга айланган ўсимлик дунёсининг бадалини ким тўлайди?
Ушбу саволлар билан вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъулларига мурожаат қилдик.

– Жорий йилнинг 24 июнь куни Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги ва туман ҳокимлиги захира ер майдонларида ёнғин содир бўлганлиги ҳақида хабар берилди, – дейди бошқарма шўъба бошлиғи Азизбек Қурбонов. – Ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди ва жойига борган ҳолда ўрганилди. Ўрганиш давомида ёнғин тумандаги Терсоқар қишлоғида яшовчи фуқаронинг вояга етмаган қизчаси томонидан эҳтиётсизлик оқибатида содир этилгани, жами 5,65 гектар майдонга тарқалгани аниқланди. Шундан 1,55 гектари Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги Сарғайота бўлими 1-сарҳадга тегишли, қолгани туман ҳокимлиги захира ер майдонига қарашли. Ёнғин натижасида ҳудуддаги 200 дан ортиқ дарахт ва буталар нобуд бўлган. Ушбу ҳолат бўйича жойида далолатнома тузилди ва буни содир этган фуқародан ёзма тушунтириш хати олинди. Ёнғин оқибатида етказилган зарар тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида ҳисобланганда 200 миллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда. Ҳолат бўйича тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, етказилган зарар тўлаб берилиши мумкин, лекин у ерда нобуд бўлган ноёб ўсимлик дунёсининг қайта тикланиши учун эса бир инсоннинг умри етмаса керак. Соҳа масъуллари эса ўрмонлар ҳудудида чорва молларини ўтлатиш, айниқса ўтов тикиб ўрмон ҳудудида яшаш масаласига жиддий эътибор қаратиши керак. Йўқса бу каби ёнғинлар бундан ҳам каттароқ зарар етказиши мумкин.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири