Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги маълумотига кўра, ruID мобиль иловаси ишга туширилди. Ушбу илова орқали Россияга кириш учун ариза топшириш, кириш чекловларини текшириш ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун рақамли профил яратиш мумкин.
Илова App Store ва Google Play дўконларида мавжуд. У рус, инглиз, арман, қозоқ, қирғиз, тожик ва ўзбек тилларида ишлайди.
Россияга визасиз кириш учун иловада рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Бунинг учун электрон почта манзили кифоя, Россия телефон рақами шарт эмас. Саёҳатчилар Россияга етиб боришдан камида 72 соат олдин иловага ўз шахсий маълумотлари ва сафар мақсадини киритишлари керак. Баъзи ҳолларда бу жараённи чегарани кесиб ўтишдан 4 соат олдин ҳам амалга ошириш мумкин.
Ариза топширилгач, фойдаланувчи ўзининг фотосуратини, хорижий паспорт нусхасини ва овоз ёзувини тақдим этиши керак. Шундан сўнг ариза Россия Ички ишлар вазирлигига юборилади ва натижа фойдаланувчининг шахсий кабинетида кўрсатилади.
Ариза топшириш тартиби қуйидаги шахсларга татбиқ этилмайди: Беларусь фуқаролари, 6 ёшгача бўлган болалар, дипломатлар, Россиядаги хорижий давлатлар элчихоналари ва консулликлари ходимлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва уларнинг оила аъзолари.
Россия давлат чегарасини кесиб ўтаётганда аризадаги маълумотлар текширилади. Шундан сўнг чет эл фуқароси учун рақамли профил яратилади. Бу орқали SNILS ва Россия SIM-картасини расмийлаштириш, шунингдек, Давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳисоб очиш мумкин бўлади.
Рақамли технологиялар вазирлиги яқин келажакда мамлакат ичида фойдаланиладиган хизматлар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
2025 йил 30 июндан бошлаб Россияга визасиз режимда келаётган чет элликлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби жорий этилди. Эндиликда “Давлат хизматлари” орқали рўйхатдан ўтиш, мамлакатда қолиш муддати ҳақида маълумот бериш ва QR-код олиш талаб этилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GPm1S6rq-50" title="Bugundan Rossiyaga borish onlayn tarzda rasmiylashtiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Искандар Исматов, ЎзА