Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабида кичик ўсмирлар (U-15) ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида маҳоратли ёшлар сараланди.
Беш кун мобайнида ташкил этилган жангларда 400 нафарга яқин ёш боксчилар 15 та вазн тоифасида ўз омадларини синовдан ўтказди. Мураббийларга мусобақалар кейинги режаларни белгилаб олиш, шогирдларининг имкониятларини кўздан кечириш имконини тақдим этди.


Мусобақалар сарҳисобига кўра, 4 та олтин медалга эга чиққан Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби ёшлари 1-ўринни эгаллади. Кейинги поғоналарни Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази вакиллари ҳамда Тошкент вилояти жамоалари банд этишди.

Шунингдек, финал жангларида ғолибликка эришган Бухоро, Фарғона, Андижон, Қашқадарё вилояти ёш боксчилари мамлакат чемпиони номига мушарраф бўлди.

Чемпионатда -55 килограммда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган иқтидорли ёш боксчи Элшод Шокиржонов мамлакат биринчилигининг энг яхши боксчиси деб топилди. "Энг яхши жамоа" номинациясида ғолиблик Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоасига насиб этди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА