Маълумки, жорий йилнинг 24 июль - 3 август кунлари мамлакатимизда волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Юртимиз мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионати баҳсларида 24 та давлатдан терма жамоалар иштирок этади.

Мазкур жаҳон чемпионати саралаш баҳслари Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилиши белгиланган.
Куни кеча спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари, Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги масъуллари ҳамда университет раҳбарияти волейбол бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишлари, олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш жараёнлари билан танишди.

Университет спорт манежида хорижий мамлакат спорт жамоалари учун яратилаётган шарт-шароитлар, спорт майдонларининг техник талабга жавоб бериши, жамоаларнинг ечиниш-кийиниш хоналари, ҳакамларнинг тўлақонли иш олиб бориши учун белгиланган зоналарнинг регламент талабларига мослиги, томошабинларга яратилаётган қулайликлар кўздан кечирилди.

Ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга бириктирилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА