Муносабат
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси” номли фармони кенг жамоатчилик орасида кўтаринки руҳда қарши олинди.
Ушбу фармон кейинги йилларда маҳаллий кенгашлар фаолиятини ислоҳ қилишга қаратилган энг тизимли ва изчил ҳужжат саналади. Сабаби, маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган масъулларга ваколат эмас, жавобгарлик ва масъулият юклайди.
Унга асосан, маҳаллий Кенгашлар энди расмий структура эмас, балки реал назорат ва ташаббус марказига айланиши кўзда тутилмоқда. Мисол учун, илгари депутатлар кўпроқ “ахборот тингловчи” сифатида кўрилган бўлса, ҳозирда улар бюджетни шакллантириш, ижро ҳокимияти фаолиятини мониторинг қилиш, аҳолининг муаммолари бўйича ижро органларига сўров юбориш, фуқаролик назоратини кучайтириш ҳуқуқларига эга бўлмоқда.
2016 йилгача бўлган даврда туман ва шаҳар Кенгашларининг ролини фақат ҳокимлик ҳисоботини тасдиқлаш, айрим норматив ҳужжатларни кўриб чиқиш билан чеклаш мумкин эди. Эндиликда эса депутатлар ҳар чоракда ҳокимликлар фаолиятини ўрганиш бўйича доимий комиссиялар тузади. Аҳолининг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда, давлат дастурлари ижросини мувофиқлаштириш бўйича ташаббусларни илгари суради.
Бу эса “бир томонлама бошқарув”дан “институционал мувозанат”га ўтиш сари дадил қадамдир. Концепцияда “Электрон Кенгаш” тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бу орқали депутатлар фаолияти, қабул қилган қарорлари ва сайловчиларга берган ваъдалари очиқ мониторинг қилинади. Аҳолининг реал муаммолари бўйича онлайн фикр ва таклифлар йиғилади, депутатларнинг ҳар чоракдаги фаоллиги асосида рейтинг тузилиб, уларнинг фаолияти баҳоланади.
Энди “Электрон Кенгаш” тизими орқали фуқаролар қарорлар лойиҳалари муҳокамасида иштирок эта олади. Бундан ташқари, Кенгашлар фаолиятини баҳоловчи индикаторлар жорий қилинади. Бу эса фаоллик билан бирга, депутатлик ваколатларининг самарадорлигини ҳам оширади. Янги Концепцияда аҳоли билан турғун эмас, тизимли алоқаларни йўлга қўйиш топшириғи ҳам белгиланган.
Шунингдек, ҳар бир депутат ўз сайлов ҳудудида квартал кесимида ҳисобот бериши, “депутатлик қабул кунлари”ни жорий қилиши шарт қилиб белгиланди. Бу сайловчилар билан очиқлик ва ишонч муҳитини таъминлайди.
2030 йилгача мўлжалланган ушбу Концепцияни фақат ҳужжат эмас, балки халқ иродаси ва давлат масъулиятининг мувозанатини таъминловчи йўл харитаси, деса бўлади. Маҳаллий Кенгашлар эндиликда ижтимоий адолат, ҳалоллик ва масъулият принципларини қуйи бўғинларда мустаҳкамловчи кучга айланмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт сари интилаётган давлат сифатида мустаҳкам позициясини кўрсатади.
Мухсиддин Низомиддинов,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати.
ЎзА.