Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўзини кўрсата бошлади. Таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш бўйича изчил чора-тадбирлар натижасида юртимиз олий таълим муассасалари глобал майдонда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Times Higher Education Impact Rankings 2025 рейтингида Ўзбекистоннинг 59 та ОТМси иштирок этди ва уларнинг аксарияти турли йўналишларда ижобий натижаларни қайд этди.
Ушбу рейтингда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети етакчи ўринлардан бирини эгаллаб, Ўзбекистон ОТМлари орасида ажралиб турди. Университет умумий 80,5 балл билан 2318 та олий таълим муассасаси орасида 201-300-ўринлар қаторида жой олди, деб хабар қилмоқда мазкур олийгоҳ ахборот хизмати.
Айниқса, гендер тенглигини таъминлаш йўналишида ТошДЎТАУ жаҳон университетлари орасида ТОП-20 таликка кириб, юқори кўрсаткичга эришди. Сифатли таълим бериш (SDG 4) бўйича эса 23-ўрин, қашшоқликка барҳам бериш (SDG 1) бўйича 101–200-ўринни эгаллади.

Бор-йўғи 9 йил аввал ташкил этилган ТошДЎТАУ қисқа вақт ичида нафақат республика, балки халқаро рейтингларда ҳам ўз ўрнини топди. Университет БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ равишда илмий-тадқиқот, ижтимоий масъулият ва таълим соҳасида изчил фаолият юритмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ТошДЎТАУ 2022-йилда ушбу рейтингда 800+ ўринлар қаторида қайд этилган бўлса, 2023 йилда 600+ ўринлар, 2024 йилда эса 301-400-ўринлар оралиғида эди. 2025 йилги рейтингда эса янада юқори натижаларга эришган университет бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи ОТМлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Бу каби натижалар Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг глобал миқёсда рақобатбардош бўлаётгани ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА