Муносабат

Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув органларининг ваколатлари босқичма-босқич кенгайиб бормоқда. Ушбу жараён маҳаллий Кенгашларни сиёсий-ҳуқуқий тизимнинг тўлақонли ва таъсирчан субъектига айлантирмоқда. Бундай шароитда уларнинг халқаро ва минтақавий ҳамкорликдаги фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, фаолиятини халқаро стандартлар асосида ташкил этишни рағбатлантириш – давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг муҳим шартига айланмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг давлат бошқарувидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу боис давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида маҳаллий Кенгашлар фаолиятида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас, албатта.
Ушбу ёндашув ўз навбатида маҳаллий даражада самарали бошқарувни таъминлаш, жойлардаги муаммоли масалаларга тезкор ва оқилона ечим топиш ҳамда ислоҳотларнинг амалиётдаги таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари тобора кенгайиб, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Жумладан, маҳаллий Кенгашлар давлат дастурларининг ижросини таъминлаш, жойларда қонунларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш, масъул идораларнинг фаолияти юзасидан ҳисоботларни эшитиш каби зарур функцияларни бажармоқда.
Маҳаллий Кенгашлар бундай кўламли вазифаларни самарали амалга ошириши учун хорижий ва халқаро илғор тажрибаларни чуқур ўрганиши ҳамда уларни миллий манфаатларга мос равишда амалиётга татбиқ этиши зарур. Бу эса нафақат маҳаллий бошқарувнинг сифати ва самарадорлигини оширади, балки аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, халқаро майдонда маҳаллий даражадаги ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган амалий механизмларни жойнинг эҳтиёж ва хусусиятларига мос равишда шакллантириш имконини беради. Бу эса амалга оширилаётган ташаббусларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, фармонда трансчегаравий ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чегараолди инфратузилмани ривожлантириш, санитария талаблари, савдо алоқалари ва сармоя лойиҳаларини мувофиқлаштириш каби масалалар давлатларнинг маҳаллий даражадаги идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни талаб этади. Бундай муаммоларни ҳал этиш учун қўшни давлатларнинг маҳаллий Кенгашлари ўртасида мунтазам мулоқот ва институционал ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим саналади. Шунингдек, қўшни мамлакатлар маҳаллий Кенгашлари билан трансчегаравий лойиҳаларда иштирок этиш, халқаро грантларни жалб қилиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш имкониятини бирлаштиради ҳам.
Шуни эътироф этиш керакки, Ўзбекистонда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида халқаро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қонуний асос ҳали етарли даражада шаклланмаган. Ҳозирча бундай ҳамкорлик асосан марказий органлар орқали амалга оширилмоқда. Шунинг учун маҳаллий Кенгашларнинг бевосита халқаро ҳамкорлик алоқаларига киришиши ҳуқуқий механизмлар билан мустаҳкамланиши зарур. Яъни, маҳаллий вакиллик органларининг халқаро алоқалари учун ҳуқуқий асос яратилиши лозим. Шу мақсадда фармонда мазкур масалани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга доир топшириқлар ҳам қайд этиб ўтилган. Бу, нафақат ваколатларни аниқ белгилаб бериш, балки халқаро ҳамкорлик имкониятларини қонунчилик орқали мустаҳкамлаш учун замин бўлади.
Шунингдек, фармонга кўра, маҳаллий Кенгашлар халқаро даражадаги вакиллик органлари уюшмаларига аъзо бўлиши масаласини ўрганиш ҳам долзарб ҳисобланади.
Бу, аввало ,ўзаро тажриба алмашишга имкон яратади, шунингдек, аниқ масалалар бўйича қўшма ечимларни ишлаб чиқиш, ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва тегишли идоралар билан алоқалар ўрнатишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Замонавий тилда айтганда, бу – кенгашлараро “networking” механизмлари орқали ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш демак. Кенгашларимиз учун халқаро ташкилотлар билан бевосита мулоқот каналларининг етарли эмаслигини инобатга олсак, бундай имконият, шубҳасиз, кенгашлараро ҳамкорлик истиқболларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, жаҳон тажрибасида мазкур йўналишда қатор самарали моделлар шаклланган. Жумладан, Европа Иттифоқидаги шаҳар ва ҳудудлар “Европанинг Минтақавий Кенгаши” (CEMR) орқали мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйган. Аъзо-ҳудудлар транспорт, экология, туризм, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳаларда умумий сиёсатни муҳокама қилиш ҳамда тажриба алмашиш имконига эга. OECD қошидаги Маҳаллий бошқарув форуми турли давлатлар маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида рақобатбардошлик, инклюзив ривожланиш ҳамда рақамли хизматлар кўрсатиш каби масалаларда тажриба алмашувини ташкил этади. Осиёда эса ASEANнинг шаҳарлараро ҳамкорлик платформалари орқали трансчегаравий савдо ва инфратузилма лойиҳалари ривожлантирилмоқда. БМТнинг Habitat дастури шаҳарлар ўртасидаги барқарор ривожланишга қаратилган лойиҳаларни бирлаштиради. Ушбу механизмлар орқали сиёсий ва маъмурий жиҳатдан тажриба алмашиш, умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатлар самарали амалга оширилмоқда.
Бундай имкониятларнинг яратилиши, яъни давлатимиз раҳбари имзолаган фармон орқали маҳаллий Кенгашлар фаолиятида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳуқуқий ва институционал асосларнинг шакллантирилиши – айни пайтда, кун тартибига халқаро ҳамкорлик, дипломатик мулоқот ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаларида махсус ўқув дастурларини жорий этиш масаласини қўяди.
Зеро, мазкур соҳаларда зарур кўникма ва салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш маҳаллий Кенгашларнинг ташқи алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликда фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай тайёргарлик маҳаллий даражада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши баробарида, фармонда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлашга имконият яратади.
Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий Кенгашларимизнинг халқаро майдондаги фаол иштироки, шунингдек, уларни глобал ҳамкорлик тармоқларига жалб этиш орқали инклюзив, жавобгар ва ҳисобдор маҳаллий бошқарув тизимини шакллантириш мумкин. Бу эса Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги муҳим устуворликлардан бири бўлиб, давлат бошқарувида очиқлик, самарадорлик ва жамоатчилик ишончини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида намоён бўлади.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати.
ЎзА