Грузиянинг Батуми шаҳрида 8, 10 ва 12 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ўртасида шахмат бўйича ўтаётган жаҳон кубогининг 5 та тур ўйинлари ортда қолган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Зарина Ларина 8 ёшли қиз болалар орасида 3,5 очко билан “А” гуруҳида қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринни банд этиб турибди.
Маҳоратли шахматчи қизимиз Ларина кеча ўтказилган 5-тур баҳсида оқ доналарда ҳиндистонлик Аранья билан куч синашди. Қизиқарли ўтган ўйиннинг 76-юриш ҳолатида муроса йўли танланди.

Мазкур ёш тоифасида 20 нафар иштирокчи ғолиблик учун кураш олиб бораётган бўлса, 6-тур учрашувлари остонасида Халқаро шахмат федерацияси байроғи остида мусобақада қатнашаётган россиялик Варвара Волкова 5 та турдан кейин 5 очко жамғариб, якка пешқадамга айланган.
10 ёшли қиз болалар мусобақасининг “А” гуруҳида қатнашаётган терма жамоамиз аъзоси Ҳуснорахон Ҳуснитдинова 3 очко билан қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 22 нафар иштирокчи орасида 7-ўринни банд этган.

12 ёшли ўғил болалар ўртасида “Б” гуруҳида дона сураётган Музаффаржон Абдурасулов 2,5 очко билан иштирокчилар орасида қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 14-қаторни банд этган.

Бугун жаҳон кубогининг 6-тур ўйинлари ташкил этилади. Унда Зарина Ларина 3-ўринда бораётган сингапурлик Юньи Чжан билан рўбарў келади. Ҳуснорахон Ҳуснитдинова ушбу турда оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган россиялик Светлана Беланова билан, Музаффаржон Абдурасулов, қора доналарда ҳиндистонлик Сайрус Элдхо билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 36 та давлатнинг 300 нафарга яқин шахматчи ёшлари иштирок этаётган жаҳон кубоги 7 та турдан иборат бўлиб, ғолиб ва совриндорлар 3 июлда аниқланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА